Болаликнинг серзавқ дамларидаёқ ёшгина қизалоқ Олтиной чап оёғидаги туғма нуқсони билан вояга етди. Бу орада ота-онаси фарзанди учун елиб-югуриб, не-не шифокорларга, табибларга олиб боришди. Дори-дармонлар, “куф-суф”лар фойда бермади. Камбағалчилик қурсин, қўли калталик қилган ота-оналари ҳеч илож тополмагач, шу алфозда “турмушга чиқса яхши бўлиб кетар” қабилида келган совчиларни қайтармай Олтинойни узатиб юборишди.
Орадан йиллар ўтиб Олтиной 4 нафар фарзандли бўлди ҳамки, бу дард унга тинчлик бермасди. Маҳалла раиси ва фаол хотин-қизлари ёрдамида “Темир дафтар”га киритилди. Туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Маҳбуба Қурбонова ҳамда фаол хотин-қизлар ташббуси билан уй бекаси бўлган ногирон аёл Олтиной Пардаева Самарқанд шаҳридаги травматология шифохонасига ётқизилди.
Қўли эм шифокорлар бемор Олтинойни обдон тиббий кўрикдан ўтказишиб, узил-кесил бир хулосага келдилар - беморни жарроҳлик усули билан даволаймиз...
Беморни оёққа турғизиш учун 23 миллион сўм харажат қилинди. Айни пайтда Олтиной оила аъзолари ҳузурида соғ-саломат парвона бўлиб юрибди.
- Менга мадад қўлини чўзган туманимиз раҳбарларидан, беором қалб эгалари - шифокорлардан беҳад миннатдорман, - дейди севинч кўз ёшларини яшира олмай Чўянтепа МФЙ, Мўғол қишлоғида яшовчи фуқаро Олтиной Пардаева.
Шунингдек, бемор Олтиной Пардаевага шифокорлар хулосаси билан иккинчи гуруҳ ногиронлиги ва ногиронлик нафақаси бериладиган бўлди.
Раббим ҲОТАМОВ.