Ўз ҳовлисида пишиб етилган олтин куз мевалари - олма, анорларни саралаб тераётган Ойниса опа тўсатдан қўлларида каттакон дастурхон билан кириб келаётган “чақирилмаган меҳмонлар” ташрифидан ҳаяжонланиб қолди. Қуюқ салом-аликдан сўнг “чақирилмаган меҳмонлар” коллежни имтиёзли диплом билан битирган қизи Зебинисога қўшни қишлоқдан совчилар эканлигини билиб, шошиб қолди.
-Қизимиз ҳали ёш, ўқийман, деяпти деган гаплар билан совчиларга жавоб бериб юборган бўлса-да, ҳаяжони босилмади. Ҳовлиқиб чиқиб, ён қўшниси Офтобойга ёрилди.
-Қизимизга совчилар келишди. Улар қанақа одамлар экан? Куёв бола нима иш қилар экан? - деди.
-Сиз шошилманг, маҳалламиз маслаҳатчиси Жамила опага учрашинг. У киши маҳалламиздаги ҳамма оилаларни беш қўлдай билади. Яхшиси менга ҳамроҳ бўлиб, бирга юрақолинг, бир кишидан кўра икки киши яхшироқ-да. Биргаликда маслаҳатлашамиз.
-Эҳ-ҳе, бошингизга бахт қуши қўнибди-ку, Ойниса опа, - деди маслаҳатчи Жамила Холбоева кулиб. - Маҳалламизнинг энг намунали оилаларидан бири шу ҳонадон соҳиблари бўлади. Куёв бола уйларни замон талаблари асосида безайдиган қўли гул уста. Маҳалламизга ҳам беминнат ёрдам бериб туради. Яхши йигит. Ёшларимиз албатта, бахтли бўлишади...
Шундан сўнг карнай-сурнай садолари остида “Тўйлар муборак” ашуласи баралла янгради. Келин-куёвлар бахтли ҳаёт остонасига бирга қадам ташладилар...
-30 йилдан буён Кичик Килдон маҳалла хотин-қизларига суянчиқ, мададкор, маслаҳатчи бўлиб ишлаб келаётган Жамила опа Холбоева маҳалла ҳудудидаги барча хотин-қизлар билан опа-сингил бўлиб кетган. Ўтган йиллар давомида “маҳалланинг опаси” дея ном олган Жамила Холбоева маҳалладаги ҳар бир хотин-қиз билан меҳрибонларча суҳбатлашиб, уларнинг дардига дармон бўлиб келмоқда. Жамила опанинг қўлидан газета тушмайди. Шу орқали хотин-қизларимизга давлатимиз раҳбарлари томонидан кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликлар, Президент қарорлари ва фармонлари мазмунини бирма-бир тушунтириб чиқади. Опанинг ташаббуси билан ўндан ортиқ тадбиркор аёллар маҳалла марказида савдо дўконларини ишга туширдилар. 15 нафар оила бекалари ўз ҳовлисида иссиқхоналар қуриб олишди. Касалманд ногиронларга ҳомийлар мадади билан дори-дармонлар етказиб берилди. Маҳаллада оғир турмуш шароитида яшаётган 5 нафар аёлга вилоят касаба уюшмаси томонидан 4-5 миллион сўмдан пул берилди.
-Маҳалламиз ҳудудида яшаётган 1484 нафар хотин-қизлар бир оила аъзоларидек бир-бирига иноқ. Хотин-қизлар билан ишлашимизда маҳалланинг фаол, тажрибали хотин-қизларидан Тожихол Тоғаева, Улжон Қурбонова, Комила Умарова, Дилрабо Бозоровалар яқиндан ёрдам беришмоқда. Фаолларимиз билан биргаликда 10 нафар оила яраштирилди. 4 та оилавий ажримнинг олди олинди. Хотин-қизларимиз ўртасидаги муаммолар фаолларимиз кўмагида ўз жойида ҳал қилинмоқда. Ундан ташқари оила, мактаб, маҳалла ҳамкорлиги ҳам яхши йўлга қўйилган. Маҳалла марказидаги 42-умумтаълим мактабида “Ораста қизлар”, “Зулфияхоним қизлари” тўгаракларида маҳалла фаоллари билан биргаликда қизларни ҳаётга тайёрлаш ишларида бош-қош бўлиб келмоқда. Маслаҳатчи Жамила Холбоеванинг ташаббуси билан маҳалла хотин-қизлари Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент шаҳарларига, Ургут, Нурота туманларига туристик саёҳатларга бориб келишди.
Жамила опа намунали уй бекаси сифатида тиним билмайди. Унинг ихчамгина ҳовлисида ҳам паррандачилик ривожлантирилмоқда, иссиқхонасида эса баҳор нафаси уфуриб турибди. Бу ишлар билан нафақадаги турмуш ўртоғи Султон ака, ўғиллари Шерзод, Дилшод, Бекзодлар шуғулланишмоқда.
Маҳалла хотин-қизларининг меҳрибон опаси, ҳаммага, айниқса ёш хотин- қизларимизга юриш-туришда, самимий муомалада, ишда ўрнак бўлиб бўлиб келаётган Жамила опа Холбоева яқинда 60 ёшга тўлди. Маҳалла хотин-қизлари опани муборак ёши билан қизғин табрикламоқдалар. Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб Кичик Килдон МФЙ хотин-қизларининг севимли опаси Жамила Холбоевани қутлуғ ёши билан қизғин қутлаб, келгусидаги ишларига омад тилаймиз.
Раббим ҲОТАМОВ.