Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида ўтказилган семинарда иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Алимова Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз юритди.
- Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар бир кунлик иш тақсимоти ҳамда ҳафталик, ойлик ва йиллик йўл хариталари ижросини белгилаб, амалга оширилган ишлар таҳлилини тизимли йўлга қўйиши лозим, деб таъкидлади Г. Алимова. – Шунингдек, ҳар 50 та хонадонга 1 нафардан кайвони фаол хотин-қизларни мураббий этиб бириктириб, уларнинг тажриба ва малакаларидан самарали фойдаланилиши ҳам яхши самара беради. Бу ҳудудларда салбий ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олади.
Маҳалла мутахассислари ўртасида “Китобхон мутахассис” танловини ўтказиб бориш ва танлов натижларини холисона баҳолаш ҳам ишда яхши наф беради. Фуқаролар ўртасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий фаоллигини ошириш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан тарғибот-тушунтириш ишларини янада кўпроқ ўтказиш лозим.
Семинарда Янгиариқ ва Самарқанд МФЙлари хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари Н. Қодирова ҳамда М. Полвоноваларнинг жорий йил биринчи чорагида амалга оширган ишлари ҳисоботи ҳамда презентация намойишлари кўрсатилди.
Маҳбуба ҚУРБОНОВА,
туман хотин-қизлар қўмитаси
бош мутахассиси.