Кеча туманимиздаги 2-сон “Соҳибкор” маданият марказида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари Агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академия ва “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” номли кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Танлов “Тасвирий ва амалий санъат” “Адабиёт ва публицистика” ва “Миллий мақом ва миллий эстрада” йўналишлари бўйича бўлиб ўтди. Қизғин баҳсларга бой ўтган ушбу кўрик-танловда туманимиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва уюшмаган ёшлар ўз ижод намуналари билан иштирок этишди.
Ҳар уччала йўналиш бўйича ҳам ёшлар ўз ижод намуналари билан фаол иштирок этишди. Танлов ғолибларини аниқлашда ҳакамлар ҳайъати шаффофлик ва адолат юзасидан ёндашишди. Кўрик-танловнинг “Тасвирий ва амалий санъат” йўналиши бўйича ҳакамлар ҳайъати бир овоздан 36-умумтаълим мактабининг 11 “в” - синф ўқувчиси Нилуфар Эргашева 1-ўринга сазовор деб топилди. “Адабиёт ва публицистика” йўналиши бўйича 2-сон касб-ҳунар мактабининг ўқувчиси Камол Алибоев 1-ўрин ва “Миллий мақом ва миллий эстрада” йўналиши бўйича Жиззах педагогика институтининг 4-курс талабаси Элдор Бобоёров 1-ўрин соҳиби бўлишиб, кўрик танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

Танлов ғолиблари фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Шунингдек ғолибларга туманимиздаги 68-умумтаълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, мазкур мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Малоҳат Азимованинг жорий йилда Тошкент шаҳридаги “Қамар-медиа” нашриёти томонидан чоп этилган “Беш кунлик дунё” шеърий тўплами китоби ҳам тақдим этилди.
Кўрик-танлов ғолибларига вилоят босқичида ҳам муносиб ўринларни эгаллашларига омад тилаймиз.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.