Бугунги кунда юртимизда фарзандларимизнинг ақлан зукко, маънавий соғлом, фикран тоза ва дунёқараши кенг руҳда камол топиши, улар келажакда юртимиз учун керакли инсон бўлиб етишишида мактабларнинг алоҳида ўрни бор. Мустақил Ўзбекистонимизнинг таянчи ва суянчи бўлган ёшларимизнинг маънан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари, замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашлари учун барча шароитлар яратиб беришга ҳаракат қилинмоқда. Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмундорлигини янада ошириш учун фарзандлар таълим-тарбиясида ота-оналар ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда иш олиб боришни жонлантириш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича белгиланган топшириқлар ижросини сўзсиз таъминлашдек масъулиятли вазифалар олдимизда турибди.
Туманимиздаги мавжуд 69 та умумтаълим мактабларида таълим олаётган барча ўқувчилар мактаблараро туман ва вилоят босқичлари бўйича ўтказилаётган барча мусобақалар, фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ҳамда беллашувларда фаол иштирок этиб, кўплаб ютуқларни қўлга киритиб келишмоқда. Жумладан, жорий йилнинг июль ойида бўлиб ўтган “Камалак юлдузлари” танловининг вилоят босқичида учта – 1, 22 ва 59-мактаблар ўқувчилари фаол иштирок этишиб, фахрли 1, 2 ва 3-ўринларни қўлга киритишиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. “Ёшлар овози” кўрик-танловининг Бахшичилик йўналиши бўйича ўтказилган босқичида 7-14 ёшлилартоифасида 5-ИДУМнинг 4-синф ўқувчиси Заҳриддин Суюнбоев 2-ўринни, 15-19 ёш тоифасида 71-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Фирдавс Суюнбоев биринчи ўринни қўлга киритишди.
Ўқувчиларимиз вилоят бўйича ўтказилаётган спорт мусобақаларида ҳам фаол иштирок этиб келишмоқда. 2021-2022 ўқув йилида ўтказилган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг қўл тўпи бўйича мусобақасида 5-ИДУМнинг ўқувчилари вилоятда мутлақ ғолибликни қўлга киритишиб, Республика босқичига йўлланма олишга эришдилар. Шунингдек, спортнинг ушбу тури бўйича 3 нафар ўқувчиларимиз – 5-ИДУМнинг 10-синф ўқувчиси Маржона Ибрагимова, 71-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Зилола Муродова, 11-синф ўқувчиси Лобар Самиевалар Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритишди. Туманимиздаги 1, 4, 21, 22, 30, 36, 57 ва 70-умумтаълим мактабларининг ўқувчилари ҳам турли спорт мусобақаларида фаол иштирок этишиб, вилоят ва Республика биринчилигида совринли ўринларни эгаллашди.
49-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Маржона Турсунмуродова “Ёш китобхон” танловининг Республика босқичида фахрли 3-ўринни, 42-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Эъзоза Туробова “21-октябрь – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун” муносабати билан ўтказилган онлайн танловнинг Республика босқичида фахрли 1-ўринни эгаллади. Умумтаълим мактаблари ўқувчи-қизлари ўртасида ўтказилган "Қизларжон" танловининг вилоят босқичида 71-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Зилола Муродова ғолиб деб топилди.
Жорий ўқув йили бошида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг туман босқичида 59 та жамоа иштирок этди. Ўзига хос қизғин беллашувлар остида ўтган ушбу беллашувда 2, 15 ва 44-умумтаълим мактабларининг жамоалари ғолибликни қўлга киритишиб, вилоят босқичига йўлланма олишга эришдилар.
Яқинда ўқувчиларга истеъдод ва ижодий қобилиятларини намойиш этишлари учун шароит яратиш, ёшлар онгига миллий қадриятларимизни чуқурроқ сингдириш, камайиб бораётган миллий халқ санъатини ривожлантириш, ўғил-қизларнинг маънавий оламини янада бойитиш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида 10-18 ёшли ўқувчилар ўртасида Халқ таълими вазирлиги соврини учун кўрик-танлов бўлиб ўтди. Уч йўналиш бўйича ўтказилган ушбу беллашувнинг “Либослар дизайни” йўналиши бўйича 18-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Нургул Абдуғаппорова, “Ёш архитектура” йўналиши бўйича 22-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Ғолиб Ўктамов ва “Ёғоч ўймакорлиги” йўналиши бўйича 36-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Озодбек Тошбоевлар 1-ўринни эгаллашиб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди.
Ҳусния КАРИМОВА,
туман ХТБнинг маънавий-ахлоқий тарбия ва таълим
муассасаларини ташкил этиш шўъбаси мудири.