ҒОЛИБ ҚАЙНОНАЛАР АНИҚЛАНДИ
Соҳибкор Маданият марказида туман хотин-қизлар қўмитаси, “Адолат” СДП туман Кенгаши, “Оила” илмий-амалий маркази туман бўлими, Бўдана, Гулзор, Мингчинор, Оқтош, Нурли йўл, Соҳибкор, Эрганакли маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида “Адолатли қайнона” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Кўрик-танлов низомига кўра онахонларимиз учта шарт бўйича ўзаро беллашишди.
Танловнинг “Ўзларини таништирув” шарти бўйича барча онахонларимиз бир хил натижага эга бўлишди. Улар шеърий, ифодали тарзда ўз оилалари, фарзандлари, набиралари ҳақида маълумотлар бериб ўтишди. Кўрик-танловнинг ҳал қилувчи шарти бўйича онахонларимизнинг сиёсий саводхонлиги, уларнинг замон билан қай даражада ҳамнафас эканликлари синовдан ўтказилди.
Танловнинг “Эркин мавзу” шартида қайноналаримиз ўзларининг адабиёт ва санъатга ошуфталиклари, шеърий монологлар ўқиш, ўзбекона миллий қадриятларимизни асраб-авайлаб авлоддан-авлодга етказишдаги маҳоратларини намойиш этишди.
Оқтош маҳалласидан Шарбатой Исоқова “Энг тадбирли қайнона”, Гулзор маҳалласидан Саодат Муродова “Энг зукко қайнона”, Эрганакли маҳалласидан Гулнора Мавлонова “Энг сўзамол қайнона”, Бўдана маҳалласидан Холдор Оловова “Энг қувноқ қайнона”, Соҳибкор маҳалласидан Саломат Азимова “Энг ҳозиржавоб қайнона”, Нурли йўл маҳалласидан Хонимой Эрназарова “Энг билимдон қайнона”, Мингчинор маҳалласидан Бувтош Мардонова “Энг адолатли қайнона” номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритишди.
Кўрик танловнинг мутлақ ғолиблари “Адолат” социал демократик партияси туман Кенгаши томонидан Бувтош Мардонова I даражали, Шарбат Исоқова II даражали, Саломат Азимова III даражали диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Танловнинг барча иштирокчилари ҳомийлар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
“Адолат” социал демократи партияси туман Кенгаши раҳбари Насиба Мамадиёрова танлов иштирокчиларининг саҳнада ўз иқтидорларини намойиш этишлари ўзига хос қаҳрамонлик эканлиги, жамият ҳаётига бефарқ бўлмаган ана шундай онахонларнинг борлиги жамиятимиз равнақида муҳим рол ўйнашини таъкидлар экан, бундай тадбирларни янада қанот ёйдириш кераклигини, бу ўз навбатида оилаларнинг мустаҳкамлигини сақлашга, оилавий ажримларнинг камайишига олиб келишини уқтириб ўтди.
Лола СУЛТОНОВА,
Бўдана маҳалласи хотин-қизлар билан
ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий
қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси: