эмлашдан ўтишни рад этган ходимлар ишдан четлаштирилиши мумкин
2021 йил 2 августда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини санитария ва эпедимиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартириш киритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 113-моддаси 3-қисмига мувофиқ, агар ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаганда ёки ўтказилган текшириш натижалари бўйича тиббий комиссияси томонидан берилган тавсияларни бажармаганда, шунингдек карантинда ёки одам саломатлиги учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликни тарқалиши тахтити мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси бош давлат санитария врачи қарорига асосан қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда иш берувчи ходимни ишга қўймаслиги мумкин деб белгиланди.
Мазкур ўзгартириш киритилгандан кейин албатта ўз навбатида иш берувчи ва фуқаролар томонидан эмлашдан бош тортган ходимларни ишдан четлатиш тартиби қандай бўлиши ва қачондан четлатиш мумкинлиги, муддати тўғрисида саволлар туғилиши одатий ҳол. Ушбу саволларга аниқлик киритириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Норматив ҳуқуқий хужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ қонунчилик меъёрларини тўғри, аниқ ва бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида, шунингдек ташкилотларда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларини яратиш, коронавирус инфекцияси туфайли аҳолининг санитария эпедимиологик осойишталиги таҳдидини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси санитария эпедимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалар федерацияси ва Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси томонидан тавсиявий характердаги тушунтириш ишлаб чиқилди.
Энди эса иш берувчилар ва фуқаролардан тушган саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Савол: Иш берувчи томонидан қайси ҳолларда мажбурий эмлаш чораси қўллаш учун ишдан четлатиш мумкин?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 113-моддаси 3-қисмига мувофиқ, агар ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаганда ёки ўтказилган текшириш натижалари бўйича тиббий комиссияси томонидан берилган тавсияларни бажармаганда, шунингдек карантинда ва одам саломатлиги учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликни тарқалиши хавфи мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси бош давлат санитария врачи қарорига асосан қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этганда, албатта соғлиғи ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда иш берувчи ходимни ишдан четлатиши мумкин.
Савол: Иш берувчи томонидан ходим карантин ва бошқа юқумли касаллик тарқалиши муносабати билан эмлашдан ўтиш мажбурияти юклаш учун қандай хужжатлар қилиши лозим?
Жавоб: Иш берувчи томонидан ходим карантин ва бошқа юқумли касаллик тарқалиши муносабати билан эмлашдан ўтиш мажбурияти юклаш учун касаба уюшмаси билан келиши лозим бўлган “Ички меҳнат тартиби” Қоидасига ва бошқа локал хужжатларга қўшимчалар киртилиши, ишдан четлатиш бўйича буйруқ чиқаришдан олдин ходимдан эмлашдан рад этиш бўйича ёзма ариза олинади, агар ходим ёзма ариза беришдан бош тортса, ходимнинг эмланишини рад этганлиги ва бу бўйича ариза ёзишдан бош тортганлиги тўғрисида далолатнома тузилади. Ишдан четлашиш тўғрисида буйруқ чиқарилиб ходим буйруқ билан ёзма равишда таништирилади.
Савол: Қайси ҳолларда иш берувчи ходимни ишдан четлатиш тўғрисида тўғрисида буйруқ расмийлаштиради?
Жавоб: Агар ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаганда ёки ўтказилган текшириш натижалари бўйича тиббий комиссияси томонидан берилган тавсияларни бажармаслик, шунингдек карантинда ва одам саломатлиги учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликни тарқалиши хавфи бўлган тақдирда профилактик эмлашдан рад этиш, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 113-моддаси 3-қисмига асосан ходимни ишдан четлатиш бўйича буйруқ чиқаришга асос бўлади.
Савол: Ишдан четлатилган муддат ходимнинг иш стажига киртиладими?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 113-моддаси 3-қисмига асосан ходимни ишдан четлатилиши даври ходимнинг иш стажига киритилади.
Савол: Ходим ишдан четлатирилган даврда ходимга иш ҳақи хисобланадими?
Жавоб: Ходим ишдан четлаттирилган даврда ходимга иш ҳақи хисобланмайди.
Савол: Ходим тиббий қаршиликлар бўлмаганда эмлашдан бош тортган ходимларга иш берувчи томонидан интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкинми?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 176-моддаси 2-қисмида ходимнинг меҳнат вазифалари ички тартиб қоидаларида, интизом тўғрисидаги Устав ва Низомларда, корхонада қабул қилинадиган локал хужжатларда жамоа шартномаларида, йўриқномаларда ва меҳнат шартномасида аниқ белгилаб қўйилади. Шунга кўра ходим ишдан четлатирилган бўлса иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси, меҳнат интизоми тўғрисидаги Низом ва Уставлари, Ички меҳнат тартиби қоидасида белгиланган ишдан четлатишнинг максимал муддати давомида тиббий қаршиликлар бўлмаса эмлашдан бош тортган ходимларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ жазо қўлланиш чоралари назарда тутилиши мумкин.
Савол: Ходимнинг соғлиғи холатига кўра профилактик эмлашдан ўтишни рад этадиган қарши кўрсатма мавжуд бўлганда иш берувчи қандай чора кўриши мумкин?
Жавоб: Ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра профилактик эмлашдан ўтишни рад этадиган қарши кўрсатма мавжуд бўлганда иш берувчи ходим билан келишилган холда ходимни масофавий иш режимига ўтқазиши мумкин.
Хурматли иш берувчилар мазкур нормалар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинган локал хужжатларда белгиланади.
Булунғур туманида фаолият юритувчи иш берувчи ва уларнинг ходимлари, фуқаролар шунинг билан бирга меҳнат муносабатларига оид мурожаатлар юзасидан, қонуний маслахатлар ва ҳуқуқий хужжатлар тўғрисида маълумотлар олмоқчи бўлсангиз Ўзбекистон Республикаси Бандли ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 71. 200-06-00 ишонч телефонига ёки info.mehnat.uz сайтига бундан ташқари Булунғур туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторига мурожаат қилишингиз мумкин.
Нодира ХАСАНОВА,
Булунғур туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори