Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарори билан "Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида"ги Низом тасдиқланган бўлиб, ушбу Низом мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда меҳнат шартномасига мувофиқ ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб ва лавозимда ишловчи жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг меҳнат муносабатларини тартибга солиш қоидаларини белгилайди.
Иш берувчи билан ўриндошлик асосида ишловчи ўртасидаги муносабатлар, ушбу Низомда белгиланган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси билан тартибга солинади.Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартибига риоя этилиши учун масъулият ўриндошлар ишлайдиган ташкилотларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилган.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, шу жумладан ўриндошлик асосида бир вақтнинг ўзида иккита раҳбарлик лавозимини эгаллашга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Ходимнинг асосий иш жойи деб Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 81-моддасига мувофиқ иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат дафтарчаси юритиладитан ташкилот ҳисобланади. Ўриндошлик асосида ишлаш - ходимнинг ўз асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш. вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариш демакдир.
Қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:
- ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;
- агар шахснинг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитлардаги ишларда ишлаш (соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимларни бундан мустасно);
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинма бошлиқлари;
- Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари.
Ўриндошлик асосида ишлашга, агар ушбу Низомда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, асосий иш жойида (ички ўриндошликка) ёхуд бошқа ташкилотда (ташқи ўриндошлик) ишлашига йўл қўйилади.
Ўриндошлик асосида бошқа ташкилотга ишга кираётган шахслар паспорти ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни, меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган шакл бўйича маълумотномани тақдим этишлари шарт.
Бажарилиши учун фақат қонун хужжатлрига мувофиқ муайян иш стажига эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлган ишга ўриндошлик асосида қабул килишда асосий иш жойидаги меҳнат дафтарчасининг тасдиқланган нусхаси тақдим этилади.
Ходим билан ўриндошлик асосида ишлаш учун тузиладиган меҳнат шартномасида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексида белгиланган талаблар билан биргаликда иш вақтининг давомийлиги мажбурий тартибда кўрсатилади.
Ходимнинг ёзма аризасига кўра унинг меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосидаги иши тўғрисида ёзув киритилади.
Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга ҳар йилги асосий, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча таътиллар асосий иш жойидаги ҳар йилги меҳнат таътили билан бир вақтда берилади.
Асосий иш жойи бўйича ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг давомийлиги ўриндошлик асосидаги иш ҳақи тўланадиган меҳнат таътилининг давомийлигидан ортиқ бўлса у ҳолда иш берувчи ходимнинг илтимосига кўра тафовутни ташкил этувчи кунлар учун иш ҳақи сақланмаган таътил беришга мажбурдир.
Ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса бундан ташқари ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир. Соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.
Ўзбекситон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарори билан "Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида"ги Низомга Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 ноябрдаги 920-сонли қарори билан ўзгартириш ва қўшимчалар киртилган. Ушбу Низомнииг 20-бандида ходим томонидан меҳнат шартномасида келишилган ўзининг асосий иши билан биргаликда бошқа касб ва лавозим бўйича қўшимча иш бажарилиши ва ички тартиб-қоидалар билан белгиланган ўзининг асосий ишидан озод бўлмаган ҳолда, вақтинча бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариши бир неча касб ва лавозимда ишлаш деб эътироф этилади. Ушбу банд ўзгаришдан кейин қуйидаги таҳрирда баён қилинган:
Ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган иш вақти давомида бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш бир неча касб ва лавозимда ишлаш ҳисобланади.
Ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган иш вақти давомида ўша касб ба лавозимдаги қўшимча ишларни бажариш хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтириш, ишларнинг кўпайиши ҳисобланади.
Бир неча касб ва лавозимда ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга шундай касб ва лавозим бўйича бўш иш ўрни мавжуд бўлганда ёхуд қонун ҳужжатлрида назарда тутилган ҳолларда ходим томонидан вақтинча йўқ бўлган ходимнинг вазифаларини бажаришга йўл қўйилади.
Ушбу Низомнинг 25-бандида Бюджет ташкилотларида қўшимча ҳақ миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлагандаги лавозим маошининг 30 фоизидан юқори бўлмаслиги белгиланган эди. Низомга киртилган ўзгаришдан кейин низомнинг 25-банди биринчи хат бошисига асосан бюджет ташкилотларида бир неча касб ва лавозимда ишлаганлик, хизмат кўрсатиш зонасининг кенгайтирилганлиги, ишлар ҳажмини кўпайтирганлик учун қўшимча ҳақ тўлаш миқдори бир неча касб ва лавозимда ишлаётган лавозим бўйича маошнинг 50 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Иккинчи ва учинчи хатбошиларга асосан Бюджет ташкилотларида бир неча касб ва лавозимда ишлаётганлик учун қўшимча ҳақ шундай касб ва лавозимдаги иш асосий иш бўйича меҳнат мажбуриятларига киритилган ҳолларда белгиланмайди.
Касб (лавозим) бўйича бир неча касб ва лавозим асосида бажариладиган ишларни бир неча ходим ўртасида тақсимлашга йўл қўйилади.
Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг тасдиқланиши фуқароларнинг ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб (лавозимда) ишлашини янада тартибга солиш, шунингдек аҳоли даромадларини кўпайтириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.
Ўзбекситон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарорига "Соғлиқни сақлаш давлат тизими ташкилотлари тиббиёт ходимларини моддий рағбатларнтириш, республика аҳолисига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш, шунингдек ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касб ва лавозимда ишлаш тартибини такомиллаштириш мақсадида" Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 20 ноябрдаги 920-сонли қарори билан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Ҳукуматимизнинг ушбу қарорлари халқимиз манфаатлари, улар меҳнатининг қадрланиши, халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизматларининг янада яхшиланиши учун хизмат килади.
Нодира ҲАСАНОВА,
туман Бандликка кўмаклашиш маркази
Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.