Меҳнат қонунчилигида ҳар бир жамоада меҳнат интизоми бош омиллардан эканлиги аниқ ифодалаб берилган. Интизомни бузиш эса қонунбузарликдир. Хўш, меҳнат жамоасида тартибни сақлаш учун нималарга эътибор берилади ва тартиббузарларга нисбатан қандай чоралар кўрилади?
Ҳар бир ташкилот, корхона ва муассасаларда меҳнат интизомига риоя қилишни ва меҳнат тартибини белгиловчи асосий ҳужжат бу “Ички меҳнат тартиби” қоидасидир.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 174-моддасида корхонада меҳнат тартиби иш берувчи касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқлайдиган “Ички меҳнат тартиби қоидалари” билан белгиланиши таъкидланган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексида меҳнат интизомини бузган ходимга нисбатан қандай интизомий чоралари белгиланган, унинг 181-моддасига кўра иш берувчи, яъни ташкилот раҳбари ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун “ҳайфсан”, “ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима” (Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин), “меҳнат шартномасини бекор қилиш” (100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари) каби интизомий жазо чоралари қўллашга ҳақлидир. Ушбу моддада назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллаш тақиқланади.
Иш берувчи томонидан ходимга интизомий жазо чорасини қўлланиш тартибига тўхталиб ўтсак, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 182-моддасида интизомий жазо чоралари ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар томонидан, яъни иш берувчи (ташкилот раҳбари тимсолида) томонидан қўлланилади.
Интизомий жазо қўлланишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаркати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди. Интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.
Ҳар бир ножўя хатти-ҳаракати учун фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин. Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилади. Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтганидан кейин, молия-хўжалик фолияти тафтиш этиш ва текшириш натижасида аниқланганда эса, ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтганидан кейин интизомий жазони қўллаб бўлмайди. Жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди.
Интизомий жазо берилганлиги тўғрисидаги буйруқ (фармойиш) ёки қарор ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.
Шу қаторда иш берувчида ва интизомий жазо олган ходимда “интизомий жазонинг амал қилиш муддати қанча бўлади” деган савол туғилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 183-моддасида интизомий жазонинг муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йилдан ошмаслиги белгиланган. Агар ходим шу муддат ичида яна интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган, деб ҳисобланади. Бир йиллик муддат тугаганидан кейин интизомий жазо ўзининг юридик аҳамиятини йўқотади ва интизомий жазони олиб ташлаш тўғрисида бирон бир махсус буйруқ чиқариш талаб қилинмайди.
Интизомий жазони қўллаган иш берувчи ўз ташаббуси билан, ходимнинг илтимосига биноан, меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосига кўра жазони бир йил ўтмасдан олдин ҳам олиб ташлашга ҳақли. Интизомий жазо муддатидан олдин олиб ташланса, бу ходим интизомий жазо олмаган ҳисобланади.
Иш берувчиларда интизомий жазоси бор ходимни рағбатлантириш мумкин-ми, деган савол туғилиши мумкин. Бунга қуйидагича жавоб беришимиз мумкин: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 180-моддаси 4-бандида интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида, яъни ушбу Кодекснинг 183-моддасида белгиланган муддатда ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди. Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмаслиги белгиланган.
Ушбу мақола билан танишиш жараёнида интизомий жазо олган ходимларда қуйидаги савол туғилиши мумкин: иш берувчи томонидан қонунга хилоф равишда интизомий жазо чораси қўлланилса, қандай ҳаракат қилиш лозим, қаерга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мурожаат қилишлари мумкин?
Иш берувчи томонидан ходимга қонунга хилоф равишда интизомий жазо чораси қўлланилганда, ходим интизомий жазо устидан ташкилотда ташкил қилинган меҳнат низолари комиссиясига, якка меҳнат низоларини қўриш учун белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. Агар ходимнинг иш жойида меҳнат низолари комиссияси тузилмаган бўлса, бевосита ҳудудий фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишлари мумкин.
Газетхонларда интизомий жазо тариқасида жарима қўлланилса, ходимнинг иш ҳақидан мажбурий тартибда ушлаб қолиш мумкинми, деган саволи туғилиши мумкин. Ушбу саволга қуйидагича жавоб берамиз: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 164-моддаси талабларига риоя қилинган ҳолда иш берувчи томонидан ходимнинг розилигисиз унинг иш ҳақидан, иш берувчи, яъни ташкилот раҳбарининг расмийлаштирилган буйруғига асосан жарима ушлаб қолиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддасида интизомий жазо сифатида меҳнат шартномасини бекор қилиш чораси, яъни меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш ( Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-модда, 2-қисм 3 ва 4-бандлари) алоҳида мавзу бўлганлиги сабабли рўзноманинг кейинги сонларида кенроқ ёритиб берамиз.
Ҳурматли туманимиз иш берувчилари ва фуқаролари!
Сизларда меҳнат қонунчилиги ва меҳнатга оид қонун ҳужжатлари бўйича саволларингиз бўлса Булунғур тумани Аҳоли бандлигига қўмаклашиш маркази Давлат меҳнат-ҳуқуқ инспекторига мурожаат қилишингиз мумкин.
Нодира ҲАСАНОВА,
Давлат меҳнат-ҳуқуқ инспектори.