СИЗ ҚОНУННИ БИЛАСИЗ-МИ?
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш қандай жавобгарликка сабабчи бўлади?
Мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши 446.000 сўмдан 2.230.000 сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.
100 ёшга тўлган фуқаронинг пенсиясига қўшимча борми?
Қонунчиликка кўра ёши 100га тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига 2015 йилнинг 1 майидан бошлаб ҳар ойда қўшимча тўлов тўлаш белгиланган бўлиб, ҳозирда мазкур тўлов миқдори 223.000 сўмни ташкил этади. Қўшимча тўловни тўлаш пенсияга устама ҳақларнинг сони ва миқдоридан қатъий назар амалга оширилади.
Ўқитувчилар тиббий кўрикдан ўтиш учун пул тўлайдиларми?
Меҳнат кодексига мувофиқ иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик вақти-вақти билан умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ёки тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимларини тиббий кўрикдан ўтказишини ташкил қилиши шарт.
Ходимлар тиббий кўриклардан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас. Тиббий кўрикдан ўтиш муносабати билан ходимдан пул ундирилмайди. Шунингдек, тиббий кўрикларни ўтказиш вақтида ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади.
Ўқувчининг таълим олишига тўсқинлик қилиш мумкин-ми?
Болаларни мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишга, ота-оналар ёки улар ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш 1 миллион 115 минг сўмдан 2 миллион 230 минг сўмгача бўлган миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мактабларда кимлар бепул дарсликлар билан таъминланади?
Биринчи синф, “Меҳрибонлик уйи”, махсус мактаб, мактаб интернатлари ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ўқувчилари мактабнинг кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар билан бепул таъминланади.
Бунда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ўқувчилари рўйхати 1 сентябргача фуқаролар йиғини илтимосномаси ва ота-оналар қўмитаси хулосаси асосида мактабнинг педагогик кенгаши томонидан тасдиқланади.
(Ижтимоий тармоқлардан олинди).