Ўзбекистон Республикаси Президенти ва давлатимиз томонидан инсон ҳуқуқ ва манфаатлари қонуний ҳимоядадир. Халқ ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг қарорлари ва қонун ости ҳужжатлари хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнатига яраша иш ҳақи олиш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир”, деб алоҳида таъкидланган. Шунингдек, мамлакатимиз фуқароларининг меҳнат қилиш, иш ҳақи олиш, дам олиш ҳуқуқлари, бу борада фуқароларга бериладиган имтиёзлар, ишга кириш тартиби, меҳнат шартномасининг бекор қилиниши тартиби ва қилган меҳнати учун иш ҳақи олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси IX бобининг 153 ва 164-моддаларида ҳам аниқ ва равшан ифодаланган.
Ўзбекистон Республикаси Мехнат кодексига асосан меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинган фуқарога қонунда белгиланган тартибда иш ҳақи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 153- моддасида меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Меҳнат ҳақи қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас ва унинг энг кўп миқдори бирон бир тарзда чекланмайди.
Ўзбекистон Республикаси Мехнат кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ, ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.
Фуқароларнинг қонунни яхши билмаслигидан айрим иш берувчилар фойдаланади, яъни ходим билан ёзма келишув ўрнига оғзаки келишиб, уларга тегишли бўлган иш ҳақларини тўламасдан, фуқароларни сарсон қилишади. Охир-оқибат ушбу масала Давлат меҳнат инспекциясининг ёки фуқаролик судининг аралашуви орқали ҳал қилинади.
Жорий йилнинг ҳозирги кунига қадар Булунғур туман Бандликка кўмаклашиш марказига “Samarqand Garden Plast” МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб, меҳнат ҳаққини ололмай сарсон бўлиб юрган фуқаролар ушбу иш ҳақларини ундириб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларга иш ҳақлари иш берувчи томонидан ихтиёрий равишда тўлатиб берилди. Жумладан, Булунғур туманида яшовчи фуқаро Жалолов Валижонга 1.800 минг сўм иш ҳақи, Халилов Ҳайитбой ва Нурматов Баҳодирларга 1.500 минг сўм иш хақи ундириб берилди.
Булунғур туманида яшовчи фуқаро Халилов Дилшодга ”Ўзагросуғурта” АЖ компаниясидан ишдан бўшаш, нафақа пули ва икки ойлик компенсация пуллари, жами 3.560 минг сўм, “Сандвик ” қўшма корхонасидан Расулова Дилрабога тегишли бўлган 1.924 минг сўм иш ҳақи, Кўчимов Баҳодирнинг туман Маҳалла ва оила жамғармаси томонидан ишдан бўшатилиб, унга тегишли бўлган 1.650 минг сўмлик товон пули, Булунғур “Истемолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш” бўлимидан Эшқуватова Муҳайёга 860 минг товон пули, Булунғур Темир йўллари станциясида таъмирлаш ишларини бажариб, ўз иш ҳақларини ололмаган Юлдашев Ўткир ва бошқа фуқароларнинг 17.480 минг сўмлик иш ҳақлари, Булунғур туман Ободонлаштириш бўлими собиқ ишчиси Жўраев Шералига 700 минг сўм сўм иш ҳақлари юқорида келтирилган корхона ва ташкилот раҳбарлари томонидан ихтиёрий равишда тўлаб берилиб, Давлат меҳнат инспекциясининг саъй- ҳаракати натижасида ундириб берилди.
Иш берувчининг Ўзбекистон Республикаси Мехнат кодексининг 154, 161-моддаларига амал қилмаслиги ходимнинг меҳнатига яраша ҳақ олиш ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Хўжалик юритувчи субъектлар, ташкилот , корхона ва муассаса раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Мехнат кодексининг 154,161-моддалари талабини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмига асосан мансабдор шахсларга Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий тариф ставкасининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорида маъмурий жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса (бунда била туриб ғайриқонуний ишдан бўшатиш мустасно) Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий тариф ставкасининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорида маъмурий жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилганда, Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий тариф ставкасининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорида маъмурий жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳурматли фуқаролар!
Бирор ташкилотга ишга киришдан олдин ушбу ташкилот раҳбари, иш берувчи, мансабдор шахс билан меҳнат шароити, иш вақти, меҳнатга ҳақ тўлаш масалалари бўйича оғзаки эмас, балки ёзма равишда келишиб олинглар ва келишувнинг ёзма шаклидан бир нусхасини талаб қилиб олинглар. Иш берувчи ва ходим ўртасида ёзма келишув (меҳнат шартномаси) тузилса, ишга қабул қилиш тўғрисида бўйруқ расмийлаштирилса, ходим қонуний меҳнат стажига, кейинчалик эса пенсия таъминотига эга бўлади. Шу билан биргаликда қонуний меҳнат шартномаси тузилса ва ходим ишга қабул қилинганлиги буйруқ билан расмийлаштирилса, иш берувчидан ходимга тегишли бўлган иш ҳақини ундириш масаласи тезроқ ва ходимнинг манфаатига ҳал қилинади.
Ҳурматли Булунғур туманида фаолият юритаётган ташкилот, корхона ва муассаса раҳбарлари!
Иш берувчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган мажбуриятларингизни тўлиқ бажариб, ташкилотингиз равнақига ўз меҳнатлари билан ҳиссасини қўшаётган ходимларингизнинг иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб беринглар.
Ҳурматли фуқаролар ва иш берувчилар!
Сизларнинг Меҳнат кодексида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларингиз бўйича тегишли маслаҳатлар ёки ҳуқуқларингизни тиклаш бўйича, ходимга иш ҳақининг ўз вақтида тўланмаганлиги, ходимнинг розилигисиз иш ҳақидан ҳашарга маблағлар ушлаб қолинганда, ходимлардан ёзма шаклда ариза олмасдан коммунал тўловларга маблағлар ушлаб қолинганда ёки иш берувчи ишчи-ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилганда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг + 998-71-200-06-02 рақамли “Ишонч телефони”га, шунингдек телеграм мессенжеридаги @mehnathuquq_bot манзилига мурожаатларингизни йўллашингиз мумкин. Бундан ташқари, Булунғур туман Бандликка кўмаклашиш марказига ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.
Нодира ҲАСАНОВА,
туман Бандликка кўмаклашиш маркази
Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.