Боғча – мактаб ёшигача бўлган болаларни тарбияловчи маскан. У халқ таълимининг дастлабки бўғини. Кичкинтойлар маънан етук, жисмонан бақувват, руҳан баркамол инсон бўлиб вояга етиши учун мактабгача таълим муассасаларининг ўрни ва аҳамияти катта. Мутахассисларнинг таъкидлашича, дастлабки боғчалар аёлларнинг жамият ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишига ёрдам бўлиши учун ташкил қилинган. Биз туманнинг чекка ҳудудларидан бири, "Ғўбдин"маҳалласида фаолият кўрсатаётган 28-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳақида ҳикоя қиламиз.

Таълим маскани 2019 йил 1 июнда давлатимизнинг бевосита ғамхўрлиги асосида, кичкинтойлар кўнгилдагидек тарбияланиши учун туманнинг олис ҳудудларидан бири - "Ғўбдин" маҳалласида қуриб, фойдаланишга топширилган.
Бугунги кунда ота-оналарнинг талаб ва истаклари билан 120 нафар болажонлар тарбияланиб келинмоқда. 4 та гуруҳга ажратилган тарбияланувчилар билан 8 нафар тарбиячи опалар шуғулланишади.

Боғчада кичкинтойлар ўзларини эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этадилар. Ўйин майдончасида ўзни қувонтирадиган аттракционлар, кўркам сув ҳавзаси улар ҳизматида. Ўқув-машғулот хоналарида рус ва инглиз тили, мусиқа тўгараклари ташкил қилингани бутун маҳалла фуқароларини мамнун қилиб келмоқда.
Нигора Худойқулова, таълим муассасаси мудираси: – Муассасамизда болажонлар учун барча шароитлар яратилган. Тарбячиларимиз эса ўз ишининг устаси. Бизда ҳар бир болага алоҳида шахс деб қаралади, характери ўрганилади. Энг муҳими, улар билан алоҳида-алоҳида иш олиб борилади. Бола тарбиясида олти ёшгача бўлган давр муҳим. Бу эса биз каби мактабгача таълим муассасаларига масъулият юклайди. Кичкинтойлар ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етиши учун бор куч ва ғайратимизни ишга соламиз.

Мумтозбегим Ибрагимова, таълим муассаса тарбияланувчиси: – Менга боғчадаги ҳамма нарса ёқади. Айниқса, ёзда бассейнда мазза қилиб сузамиз, ўйнаймиз! Ҳозир хонамизда ёзиш, чизиш машғулотлари ўтилади. Боғча опаларимиз турли нарсаларни чизишни ўргатишган. Мен саватчадаги нонларни чизишни яхши кўраман. Севара опам менга жуда меҳрибон.!

Фарида Маҳмудова, таълим муассасаси тарбиячиси: – Уйда катта бўлган бола билан боғча тарбиясини олган бола ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Кичкинтой боғчада таълим-тарбия олибгина қолмай, тенгдошлари билан муомала-муносабатини, кўпчилик олдида ўзини тутишни ўрганади. Руҳан кучли, иродали ва ҳар томонлама қобилиятли бўлиб ўсади.
Малика СУЮНОВА тайёрлади.