Ҳар бир миллат, мамлакатнинг эртаси, келажак тақдири ёш авлоднинг қўлида. Шу сабабли, ёшларнинг сиёсий ижтимоий жараёнларда фаоллиги катта аҳамиятга эга. Яқинда ўн саккизга кирдим. Қўлимга фуқаролик паспортини олганимга ҳали ҳеч қанча бўлмади. Паспортли шахсга айланишнинг ўзи кишига ғурур бахш этаркан.
Тобора яқинлашаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида “Бешкуви” МФЙда жойлашган 241-сайлов участкасидан овоз бераман. Олдинги сайловларда ота-онам, ака-опаларим шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан кетишса, ҳавас билан боқиб қолардим. Бугун мен ҳам сайловчилар сафидаман. Шунинг учун номзодларнинг таржима ҳоли, сайлов олди дарсурлари мен учун қизиқ. Ҳар бир номзоднинг ОАВ ва интернет тармоқларидаги чиқишлари, маърузалари билан танишиб боряпман.
Булунғур туман ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Менинг овозим аҳамиятга эга”, “Мен сайловда фаол иштирок этаман” каби мавзуларда тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Бу каби тадбирларда мутахассислар бундай имкониятлардан, хусусан, Бош қомусимизда белгилаб қўйилган сайлаш ҳуқуқидан самарали фойдаланишга чақирди. Муҳими эса - муносиб номзодни танлай олишимиз.
Мен, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ўз фикрим, мустақил фуқаролик позициям билан мамлакатимизнинг янада гуллаб-яшнаши, ўзим каби ёшларнинг келажаги учун овоз бераман!
Абдуқаюм ИБРАГИМОВ,
талаба.