Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимизда ҳам айни пайтда ҳаётимизда муҳим деб саналган сиёсий жараён, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқароларйиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ваколат муддати тугаган маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг навбатдаги сайловига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Бу муҳим сайлов жараёни аввалгиларидан фарқли ўлароқ яширин овоз бериш орқали ўтказилиши ҳамда сайловда энг кўп овозга эга бўлган номзод 3 йил маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаши билан фарқ қилади.
Яқинда Республика фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссия аъзоларидан Бегмат Очилов, Сардор Бектемиров ва вилоят ишчи гуруҳи аъзоси Фотих Раҳматовлар ҳамда Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқолллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссия аъзоларидан Суярқул Бердиқулов, Насибали Мамадиярова, Сапарбой Алибоев, Абдуолим Азимовлар туманимиздаги 55 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан тавсия этилган номзодлар билан учрашдилар. Учрашув суҳбат тарзида бўлиб ўтди. Комиссия аъзолари номзодларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашдилар. Суҳбат жараёнида номзодларнинг келгусида сайловда кўп овоз олиб маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида фаолияти даврида амалга ошириши лозим бўлган ишлари ҳақидаги фикрлари, номзоднинг дунёқараши, маънавияти, маҳалласидаги обрў-этибори, ишчанлиги, талабчанлик, халқни ортидан эргаштира олиш каби хислатларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, уларга сайлов кунига қадар ҳали вақт борлиги, шу вақт оралиғида сайлов жараёни ҳақида янада чуқурроқ билим олишлари ҳамда ушбу сиёсий жараёнда фаол иштирок этишлари лозимлиги уқтирилди.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.