Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори асосида ҳудудларда ушбу сайловни уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилаяпти. Сайловни ўтказишга масъул бўлган ишчи гуруҳлари фаолиятини қонун талабларига мос ҳолда ташкил этиш, улар томонидан сайлов бўлиб ўтадиган жойларни тўғри танлаш, сайловчилар рўйхатини қонун талаблари асосида шакллантириб, улар орасида сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган вакилларини танлаш, сайловга оид барча ҳужжатлаштириш ишларини пухта юритиш каби вазифалар муҳим сайловолди тайёргарлик ишларидир.
Яқинда туманда Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ўтказишга масъул “Сайлов штаби” жойлашган Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида сайловолди тайёргарлик ишларини пухта ташкил этишга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Семинарни очган туман сайлов комиссияси раиси Алишер Шодмонов сайловни ўтказишга масъул бўлган ишчи гуруҳларининг асосий вазифаларини кўрсатиб ўтди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раиси ўринбосари Абдунаби Маллаев, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Абдуалим Азимов, туман ҳокимлиги Ташкилий-назорат бўлими раҳбари Хайрулла Улуғбековлар сайловга масъул ишчи гуруҳлар сайловгача қандай иш юритишилари кераклиги, сайлов жараёнида нималарга асосий эътибор қаратилиши, сайлов бўлиб ўтгандан сўнг ҳужжатлаштириш ишлари қандай юритилиши кераклиги юзасидан тавсия-маслаҳатлар бериб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Семинарда ишчи гуруҳлар раҳбарлари ва аъзолари томонидан берилган саволларга жавоблар қайтарилди.
Ўз мухбиримиз.