Ўзбекистон катта сиёсий тадбирга ҳозирликни бошлаб юборди. Декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Бу сайловларда халқимизнинг билимли, серғайрат, оқил фарзандлари депутатликка сайланади.
Депутат - халқни давлат органлари билан боғловчи куч, халқнинг аҳвол-шароитини, муаммоларини ўрганиб, турли ташкилотларга етказади, уларга ижобий ечим топишга кўмаклашади. Депутат - маълум бир сиёсий партиянинг вакили сифатида ана шу сиёсий партиянинг сайловолди дастури асосида иш олиб боради. Халқ айнан билимдон ва фаол инсонларга ишонч билдириб, сайловда уларга овоз беради ва депутат этиб сайлайди.
Навбатдаги сайловда ҳам халқимиз энг билимдон, фаол, оқил фарзандларини депутат этиб сайлайди. Бу сайловда сайланган депутатлар олдингилари каби юртимиз равнақини таъминлашга хизмат қилувчи қонунчилик тизимини янада такомиллаштириш, сайловчилар муаммоларини бартараф этиб, жамиятимиз ривожига ҳисса қўшиш, уларнинг ишончини оқлаш борасида дадил фаолият юритишга интилишади, деб ўйлаймиз.
Ҳа, депутатни халқ сайлайди. Уч-тўртта номзод ичидан энг муносибини депутат этиб сайлаш халққа, сайловчига боғлиқ. Бунинг учун сайловчининг ўзи ҳам соғлом фикрловчи, яхшини ёмондан ажрата олувчи, оқил бўлиши ҳаёт талаби. Чунки, бепарволик қилиб, дуч келган номзодга овоз бериб, уни депутат этиб сайлаган сайловчи ўз манфаатига зид иш тутган бўлади. Ахир, фаол бўлмаган депутат жамиятнинг, халқи ва сайловчисининг хизматини талаб даражасида бажаролмайди-да. Бу ҳаёт ҳақиқатини сайловчи тўғри тушуниши ва сайловда ҳушёрлик, оқиллик билан қатнашиб, овоз бериши зарур. Бу билан у ўзи яшаётган жамиятнинг, ҳудуднинг, қолаверса ўзининг манфаатларини ҳимоя қилган бўлади. Бу ҳаётий ҳақиқатни сайловчи ҳозирдан тўғри тушуниши, яқинлашаётган сайловга ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўриши зарур.

ХАЛҚНИНГ ФАОЛЛИГИ – САЙЛОВНИНГ МУВАФФАҚИЯТИ
Пўлат ЧЎМБОЕВ.