Президент сайлови арафасида барча сайлов участкаларида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, “Меҳржон“ МФЙ марказида жойлашган 210-сайлов участкасида ҳам тайёргарлик ишлари пухта.
– Участкамизда сайловчилар учун қулайлар шароитлар яратилди, - дейди 210- сайлов участкаси раиси Тўрабек Мамаяқубов. - Дастлаб участкамиз аъзолари уйма-уй юриб, барча сайловчиларнинг рўйхатини олиб чиқишди. Уларга сайлов қонунчилиги асосида тушунтириш ишларини олиб боришди. Айни пайтда сайлов участкасида 1703 нафар сайловчи рўйхатга олинган.
Участкада сайловчилар учун барча қулайликлар яратилди. Жумладан, Президентликка номзодларнинг таржимаи ҳоллари ва фотосуратлари, сайловчилар учун маслаҳат бурчаги, кузатувчилар ва халқаро кузатувчилар учун қулай шароитлар яратилди.

Ота-оналари билан келган болалар учун махсус болалар майдончаси ташкил этилди. Сайлов участкасидаги сайловчилар рўйхати, ишонч телефонлари сайловчилар ихтиёрида бўлади. Бундан ташқари, сайловчилар учун сайлов қонунчилиги ҳақидаги брошюралар, баннерлар ва эслатмалар ҳам мавжуд. Имконияти чекланган шахслар учун алоҳида сайлов кабинаси ташкил этилган. Халқаро кузатувчилар замонавий кузатув камералардан фойдаланиб, сайлов жараёнини кузатишлари мумкин.
– Мен бу сайлов участкасида Президентликка номзодлар таржимаи ҳоли билан танишиб чиқдим, - дейди ёш сайловчилардан бири Мансуржон Ҳотамов. - 24 октябрь - Президент сайлови кунида мен ўзим танлаган номзодга келажагимиз бундан ҳам яхши бўлиши учун овоз бераман.

– Мен сайлов участкаси маслаҳатчиларидан ўзимга керакли маслаҳатларни олдим, - дейди сайловчи Гулсара Ҳайитбоева. - Келгусида юртимиз бундан ҳам обод бўлиши учун ўзим танлаган номзодга овоз берадиган бўлдим.
Раббим ҲОТАМОВ.