Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён - Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Сайловнинг муваффақиятли ўтиши учун бир неча ойдан буён сайлов участкаларида пухта тайёргарликлар кўрилмоқда. Сайловчилар сайлов участкаларига ташриф буюриб, номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурларининг асосий йўналишлари тўғрисидаги маълумотлар, участка сайлов комиссияси ҳақидаги маълумотлар, участка сайлов комиссияси таркиби, режаси, сайловчилар рўйхати билан танишишлари учун барча шароитлар яратилган.
Президентлик сайловига тайёргарлик жараёнлари билан танишиб шу нарсага амин бўлдимки, бу йилги сайлов аввалгиларига қараганда бир қанча афзалликлари ва қулайликлари билан фарқ қилади. Иш фаолиятим давомида кўп бора Президент сайловларида, маҳаллий сайловларда, депутатлик сайловларида иштирок этганман. Ана шундай сайловларнинг 8 тасида бевосита сайлов участкаси раиси сифатида қатнашганман. Бу йил сайловчи сифатида аввало, барча номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурлари билан тўлиқ танишиб чиқдим. Номзодларнинг барчасининг дастурларида асосий эътибор мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тармоқларини янада ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва асосий эътибор таълим соҳасига қаратилганлиги мени қувонтирди. Кўтаринки руҳда ўтказилиши кутилаётган ушбу Президентлик сайлови сайловчилар учун қулай бўлиши ҳисобга олиниб, олдингиларидан фарқли равишда қиш ойларида эмас, балки куз фаслида ўтказилаётгани. Яна шуниси эътиборга моликки, бу сайловда мамлакатимизда биринчи бор Президентликка номзодлар орасида аёл кишининг ҳам номзоди қўйилгани.
Шунингдек, сайловчилар учун яна бир қулайлик - сайлов жараёнлари рақамлаштирилганлиги бўлди. Энди сайловчиларга илгаригидек сайлов бюллетенлари тарқатилмайди. Республикамизнинг бошқа ҳудудида рўйхатда бўлган фуқароларнинг ҳам барча маълумотлари доимий яшаш жойига электрон тарзда ўтказиш йўлга қўйилганлиги ҳам сайловчиларимизга яратиб берилган имкониятлардан бири бўлди.
Мен ҳам сайловчи сифатида ушбу сиёсий жараёнда фаол иштирок этиб, ўз конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, ўзим лозим кўрган номзодга овоз бераман ва барчани Президентлик сайловида фаол бўлишга чақираман.
Намозбой ҚОДИРОВ,
фахрий ўқитувчи.