Эсонтурди маҳалласининг Янгибеш қишлоғида яшовчи тадбиркор Алиқул Маматқуловнинг ташаббуси билан ўз уйида “Акобиржон” номли мактабгача таълим ташкилоти очилди.
МТТнинг очилишига бағишланган тадбирда Эсонтурди МФЙ раиси Бектемир Эргашев ҳамда маҳалла фаолллари билан биргаликда туман ҳокимининг ўринбосари Абдували Ҳазратқуловлар иштирок этишди.

- Тўртта хонани маҳалла фаоллари маслаҳати билан замон талаблари асосида тайёрладик, - дейди тадбиркор Алиқул Маматқулов. - Айни пайтда қишлоғимизда яшовчиларнинг 25 нафар жажжи фарзандларига таълими-тарбия бермоқдамиз. Бу ишлар учун ўз ҳисобимиздан 35 миллион сўм харажат қилдик. Аммо... Халқ банкидан 30 миллион сўм кредит олиш режамиз ҳамон амалга ошмай турибди. Бош тарбиячимиз Шаҳноза Бекмуродоваболажонларга мусиқа сирларини, инглиз тили, рус тили, тасвирий санъат ва спорт сирларини ўргатмоқда. Бош тарбиячига Нафиса Хуррамова ва Шалола Шералиевалар яқиндан ёрдам беришмоқда. Бош ошпаз Замира Маматқулова тайёрлаётган овқатлар болажонларга манзур бўлмоқда.
- Бу МТТнинг очилишидан ниҳоятда хурсанд бўлдик, - дейди ота-оналардан бири Ҳилола Арслонова. – Биринчидан - болаларимиз замон талаблари асосида таълим-тарбия олишса, иккинчидан - биз ота-оналар ҳам ўз ишимизга беминнат бориб келаяпмиз.
Раббим ҲОТАМОВ.