“Чўянтепа” маҳалласи марказида жойлашган мактабимизда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ота-оналар билан мулоқот ва китоб мутолааси” куни деб белгиланган. Ота-оналар билан мулоқотимиз яхши натижалар бермоқда. Мулоқот давомида ўқувчиларнинг билим олиш даражалари, юриш туришлари, таълим-тарбия олишлари, дарсларга ўз вақтида келиб-кетишлари, дарслардан сўнг бўш вақтларини қандай ўтказишларини назорат қилиш тўғрисида ота-оналар билан очиқ-ойдин гаплашиб оламиз.
Шунингдек, замон талаблари асосида қурилган янги мактабимизда ўқувчилар ва ўқитувчилар учун қулай шароитлар яратилган. Ўқувчиларнинг дарсдан кейинги бўш вақтларини сермазмун ўтказиш мақсадида спорт тўгараклари билан бир қаторда 12 та фан тўгараклари, 2 та касбий тўгарак, 2 та бадиий ҳаваскорлар тўгараги ўқувчилар ихтиёрида. Ҳафтанинг ҳар бир кунида белгиланган тартибда тадбирлар мунтазам ўтказилиб турибди.
Ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг саломатлиги тиббий ходимлар томонидан назорат қилиб борилмоқда.
Ҳар ойнинг охирги жума кунлари синф раҳбарларининг услуб бирлашмаси ўтказилади. Унда ҳар бир синф раҳбарининг ахборотлари эшитилиб, келгуси ой режалари тузилади, муаммолар, таклифлар атрофлича муҳокама қилинади.
Мактаб атрофини ободонлаштириш мақсадида ҳомийлар кўмагида 200 туп манзарали дарахтлар, 100 тупдан ортиқ турли хил анвойи гуллар экилди. Айни пайтда ривож олган ям-яшил дарахтлар, кўзни қувонтириб очилган хушбўй гуллар кишининг баҳри-дилини очиб юборади.
Камолжон ДЎСТОВ,
13-умумий ўрта таълим мактабининг Маънавий-маърифий
ишлари бўйича директор ўринбосари.