Мактабимизда Эрганакли МФЙ фаоллари ташаббуси билан “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорликда тизимли ишлар йўлга қўйилганлиги туфайли ҳам эндиликда ўқувчиларимизнинг таълим-тарбияси, фанларни ўзлаштириши ва дарсларга қатнашиш давоматларида сезиларли ўзгаришлар бўлаяпти. Ўқувчиларнинг фан сирларини пухта ўзлаштиришлари учун ота-оналар билан мунтазам суҳбатлар, меҳнат фахрийлари билан учрашувлар, турли хил тадбирлар ўтказиш анъанага айланган. Бу эса ўқувчи-ёшларни, уларнинг ота-оналарини фаолликка, ташаббускорликка ундаётир. Эндиликда фарзандларининг дарсларни қандай ўзлаштираётганликлари билан қизиққан ота-оналар “очиқ дарслар куни” дарсларида бемалол иштирок этишиб дарсларни кузатишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда.
Бошланғич синфлар учун ўқиш, она тили, математика, чет тили тўгараклари мунтазам ишлаб турибди. Бундан ташқари ота-оналарнинг таклифига биноан маҳалламиз ҳудудида “Ёш спортчи”, “Моҳир қўллар”, “Ёш рассомлар” тўгараклари ҳам ташкил қилинган. Ушбу тўгараклар дастурига бошланғич синф ўқувчиларининг дарсда ўзлаштириши мураккаб бўлган мавзулар киритилган бўлиб бу тўгараклар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилмоқда.
УмматҲАЙДАРОВ,
35-умумий ўрта таълим мактаби
бошланғич синф ўқитувчиси.