“Баркамол авлод” болалар мактабимизнинг асосий мақсади узлуксиз таълим тизимида ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларда касб- ҳунарнинг дастлабки кўникмаларини шакллантириш ва уларни мустақил ҳаётга тайёрлашдан иборат. Шу боис мактабимиз ўсиб келаётган ёш авлоднинг ижодий қобилиятларини аниқлаш ва ривожлантиришга, ўқувчиларга меҳнатсеварликни сингдиришга, шунингдек, уларни бўш вақтдан оқилона фойдаланишга ўргатиш учун хизмат қилмоқда.
2020-2021-ўқув йили давомида мактабимизга туманимиз мактабларидан 800 нафар иқтидорли ўқувчи-ёшлар жалб қилинди. Уларга бадиий, техник, ўлкашунослик ва экология, чет тили ва спорт каби 5 та йўналишлар бўйича таълим-тарбия берилмоқда. Мактабимизда ўқувчиларнинг сифатли билим-тажриба кўникмаларини шакллантириш учун барча шароитлар яратилган. Машғулотлар замон талаблари асосидаги кўргазмалар билан қизиқарли тарзда олиб борилмоқда
Мактабимизда ота-оналар билан доимий алоқалар ўрнатилиб, шартномалар асосида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Замон талаблари асосидаги машғулотлар ўқувчилар фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, “Техник моделлаштириш”, “Инглиз тили”, “Компьютер сабоқлари”, “Ёш мусаввир”, “Бичиш-тикиш”, “Миотел арифметика” тўгаракларида ўқувчилар фаоллиги юқори даражада. Тўгарак раҳбарларимиздан Тошмурод Ўсаров, Умида Расулова, Гулруҳ Тўғизбоева, Баҳодир Давиров, Элёр Раҳмоновлар доимий изланишда. Уларнинг ташаббуси ва самарали меҳнатлари эвазига тўгаракларимиз аъзолари вилоят ва Республика кўрик-танловларининг доимий иштирокчисига айланишди.
Келгусида ота-оналарнинг талаб ва хоҳишларига асосланган ҳолда мактабимиз фаолиятини янада кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз. Замонавий фан-техника йўналишига асосланган тўгараклар очиш, уларга истеъдодли ёшларни жалб қилиш, зарур техник воситалар билан таъминлаш каби ишларни йўлга қўйиш шу кундаги бош вазифамиз бўлиб турибди. Мактабимизда байрам тадбирларидан ташқари тўгарак аъзолари ўртасида “Энг истеъдодли”, “Касбим-ифтихорим” каби тадбирлар, кўрик- танловлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.
Танлов ғолиблари эса мактаб раҳбариятининг совғалари ва фахрий ёрлиқлари билан муносиб равишда тақдирланмоқда. Уларниг ота-оналарига “Ташаккурнома”, “Раҳматнома”лар билдирилмоқда. Хуллас, мактабимиздаги тўгаракларда таълим ва меҳнат кўникмасини чархлаётган истеъдодли ёшларимз келгусида маҳоратли мутахассис бўлиб етишади, деган умиддамиз.
Баҳодир ЯРБАЕВ,
“Баркамол авлод” болалар мактаби директори.