Ҳафтанинг пайшанба куни профилактика тадбирлари ўтказилиши муносабати билан 29-умумтаълим мактабида туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, майор Ғ.Маматов, “Қўнғирот” МФЙ вакиллари, фаоллари ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида ота-оналар мажлиси ўтказилди.
Сўзга чиққанлар вояга етмаган ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида сўз юритди.
- Ўсмир ёшдаги йигитлар қизиққон бўлишади, - дейди Ғ.Маматов. – Улар сал қаттиқроқ гапирсангиз терс жавоб қайтаришга уринади. Бепарволик сабаб ҳар хил ножўя хатти-ҳаракатга қўл урмоқчи бўлади. Мисол учун, айрим кишиларнинг уйи олдида олиб чиқиш ва сотиш учун қулай ҳолатда турган қишлоқ хўжалик маҳсулоти ёки нарса-буюмларни учратамиз. Тарбиясида нуқсони бўлган ёш йигитлар бундан фойдаланиб қолмоқчи бўлади ва ўғриликка қўл уришади. Ўзингиз эҳтиёт қилмаган нарсани йўқотсангиз қўшнини ўғри тутасиз.
Йиғилишда ўқувчиларнинг давомади, кийиниши, фанларни ўзлаштириши ва хулқ-атвори, уй юмушларини қилиш учун сабабсиз дарсдан қолишлари ҳақида гапирилди.
– Биринчи навбатда қизларнинг тарбиясига нозик масала, деб қарашимиз керак, -дейди мактабнинг хотин-қизлар қўмитаси раиси Филлура Маматқулова. - Айниқса, айрим юқори синфда ўқувчи қизларнинг мактабга келганида китоб ва дафтар солинадиган сумкасида тирноқ бўяш учун ишлатиладиган бўёқларни олиб юриши учраб туради. Ана шундай қизлар ва хулқи ёмонлашаётган йигитларни ота-онасини алоҳида суҳбат қилиш мақсадида чақирганимизда эътиборсиз қолдиришади. Бу уларнинг ўзлари учун маънавий зарар эканлигини ўйлашмаслиги афсусланарли.
Ўқувчи мактабга келиб, таълим-тарбия олиш жараёнида синф раҳбари ва ўқитувчилар масъуллиги, аммо боланинг отаси, онаси ёки ўзидан катталар ҳам панд-насиҳат, уйга берилган вазифани назорат қилиб туриши кераклиги айтилди. Баъзи ота-оналарнинг бу борада лоқайдлиги эса танқид остига олинди.
Мактаб психологи Камолиддин Назарбоев ўқувчилар билан ишлашда уларнинг феъл-атвори, ўзини тутиши, дарсларни ўзлаштириш даражасига қараб алоҳида шуғулланиб, суҳбат ўказиб туриш лозимлигини билдирди.
– Яқинда юқори синф ўқувчилари ўртасида ўзини қай даражада назорат қила олишини аниқлаш учун психологик тест ўтказдик, - дейди К.Назарбоев. - Икки нафар ўқувчининг феъли ўзгарувчан, вазиятни тўғри баҳоламай, ўзига салбий хулоса чиқариши маълум бўлди. Уларга эътиборли бўлиш, уй шароитида қилинадиган ҳар қандай юмуш ва деталларни назардан четда қолдирмаслик лозим бўлади. Бу уларнинг кайфиятига салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этишга ёрдам беради.
Ота-оналар фарзанд тарбиясида ўзларини қийнаётган саволлар билан мурожаат қилишди. Фан ўқитувчилари ҳам уларга фарзандини дарсга ва тўгаракларга мунтазам қатнашишини таъминлаши, уйда бериладиган тарбияга жиддий ёндашиши зарурлигини билдиришди. Таълим муассасаси ва ота-оналар ҳамкорлигини кучайтириш муҳим вазифа экани, ота-оналар мажлиси ва суҳбатларда барча фаол бўлишиглозимлиги таъкидланди.
Воҳид ПЎЛАТОВ.