Туманимизда халқ таълими ривожига 40 йиллик самарали меҳнати давомида муносиб ҳиссасини қўшиб келган Абдусаттор Каримқуловнинг беғубор ёшлиги Ғўбдин тоғи этагидаги паст-баланд қир-адирлардан иборат Ингичка қишлоғида ўтган. Кейинчалик оилавий шароит туфайли ота-оналари билан бирга Пахтабоши қишлоғига кўчиб келишган. Болаликнинг серзавқ дамлари ана шу қишлоқда давом этди.
- Кичкиналигимданоқ спортга қизиқар эдим, - дея эслайди Абдусаттор домла ўша дамларни эслаб. - Ҳаво совуқлигига қарамасдан 4-5 ёшлигимда раҳматли акам Абдуқаҳҳорнинг қўлидан ушлаб, кўпкари томошасига бордим. Терлаб, пишнаб чопаётган отлар тўдаси томошабинлар турган тепаликка қараб бостириб келди. Ҳамма юқорига қараб қочса мен пастга қараб чопиб, отлар тўдаси орасида қолиб кетибман. Бошим ёрилганини ҳисобга олмасак, соғ-саломат чиқибман...
Абдусаттор домла илк сабоқни 1962 йилда қишлоқдаги 17-мактабнинг биринчи синфида, биринчи устози Тошбек Ҳотамовдан олди. Ўқиш давомида математика фани ўқитувчиси Эшқувват Ширинов ва 3-ўрта мактабнинг математика фани ўқитувчиси Мусаяп Жониқуловларга ҳавас қилиб, математика фанига қизиқиб қолди. Шу билан бирга у устоз ўқитувчиларидан юриш-туришни, кийинишни, ширин сўзликни, одоб-ахлоқни ўрганди. Мактабда яхши ўқиш билан бирга спортнинг футбол турига қизиқди. У 6-синфдалигидаёқ мактаб терма жамоаси аъзоси сифатида мамктаблараро бўладиган мусобақаларда, мактаб ўқувчилари спартакиадасида, туман ва вилоят биринчиликларида жонажон мактаби шарафини муносиб ҳимоя қилди.
-1970-йилларда биз ёшлар Республикамизнинг шарафи бўлган машҳур “Пахтакор” жамоасининг моҳир футболчилари Биродор Абдураимов, Геннадий Красницкийларга ҳавас қилиб тўп сурардик, - дейди кулиб Абдусаттор ака.
1972 йилда 3-ўрта мактабни муваффақиятли битирган ёш Абдусаттор ҳужжатларини Тошкент политехника институтига топширди. Бахтга қарши тўплаган бали етмай қолди. У бундан тушкунликка тушмади. Ҳарбий комиссариат томонидан ҳайдовчилик курсида ўқиди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга олган Абдусаттор дастлабки ишни “Правда востока” колхозида ҳайдовчиликдан бошлади. Ниҳоят 1973 йилда омад Абдусатторга кулиб боқди .У Тошкент Давлат унивеситети математика факультетининг талабаси бўлди. Ўқиш давомида университет футбол жамоаси аъзоси сифатида жуда кўп мусобақаларда щыув юрти спорт шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ўқиш давомида ҳарбий хизматда бўлиб, йигитлик бурчини оқлаб келди У армияда ҳам футболчи сифатида донг таратди.
Абдусаттор Каримқулов санъатга ҳам ошуфта. У ёшлигидан мумтоз қўшиқлар шайдоси бўлиб, ўзича хиргойи қилиб юради. Айниқса, хонанда Фахриддин Умаровнинг “Қора қошдин яна”, Ҳожиакбар Ҳамидовнинг “Лола” каби мумтоз қўшиқ ва ашулаларини маромига етказиб куйлайди. Дўстлар даврасида ва оиласида бўлиб ўтадиган тадбирларда бу қўшиқлар даврага завқ-шавқ бағишлайди.
1982 йилда университетни муваффафқиятли битирган Абдусаттор дастлабки ўқитувчилик фаолиятини ўзи ўқиган 17 ва 3- ўрта мактабларида ўқувчиларга математика фанидан сабоқ берди. Ўзининг меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги билан туман раҳбарларининг эътиборини қозонди. Шу сабаб ҳар иккала мактабда ҳам бир муддат директор бўлиб ишлади. Ғайрат-шижоати ичига сиғмай бораётган Абдусатторни туман халқ таълими бўлимига математика фанлари бўйича методистликка ишга олишди.
Қирқ йиллик меҳнати давомида ташхис маркази раҳбари, ТХТБ мудири ўринбосари, мудир вазифасини бажарувчи, Болалар ва ўсмирлар ижодий маркази директори каби лавозимларда меҳнат қилиб, туман халқ таълими ривожига муносиб ҳисса қўшди. Самарали меҳнатлари эвазига туман ва вилоят халқ таълимининг Фахрий ёрлиқлари ва бир қанча қимматбаҳо эсдалик совғалари ҳамда Мустақиллигимизнинг 10 йиллик кўкрак нишони билан тақдирланди. Абдусаттор ака турмуш ўртоғи, уй бекаси Гулчеҳра опа билан 3 нафар фарзандни оқ ювиб-оқ тараб, вояга етказишди. Оталари изидан борган фарзандлари - қизи Гулнора 22- мактаб бошланғич синф ўқитувчиси, ўғли Илёс 17-мактабда математика ўқитувчиси бўлиб ишламоқда. Кенжатой қизи Сурайё СамДУнинг математика факультетида таҳсил олмоқда.
Абдусаттор ака 2016 йилдан пенсияга чиққан бўлсада, айни пайтда “Фахрийлар” уюшмаси раиси сифатида фаолият юритмоқда.
– Оилада 4 нафар ўғил ва 3 нафар қизлар билан бирга катта бўлдик, - дейди Абдусаттор ака. - Ўз вақида отамиз ҳам математика фани ўқитувчиси бўлган. Шу сабабли оиламизда ҳаммамиз математикага қизиқиб қолганмиз. Катта акам Абдуғаффор (раҳматли) ТошДУда математика фанлари номзоди сифатида талабаларга математика сирларини ўргатган. Укам Зайниддин Малайзия университетида математика фанлари доктори, профессор лавозимида ишлаяпти. Аслиддин 17-мактабда ўқитувчи, 3 нафар сингилларим - Адолатхон, Гулнора, Ҳусниялар ҳам мустақил юртимизнинг тараққиёти йўлида турли соҳаларда самарали меҳнат қилишмоқда.
Доимо кулиб, шошилиб юрувчи Абдусаттор ака ҳали бардам-бақувват. Қўлидаги газета ва турли хил ҳужжатлар билан тўла папкани кўтариб, ёшлардай чаққон юради.
Раббим ҲОТАМОВ.