Туманимиз марказида бахшичилик ва достончилик санъатининг йирик вакили Фозил Йўлдош номидаги хиёбон ва унга қўйилган ҳайкалнинг очилиши ёш санъат ошифталарига катта сабоқ бўлди. Жаҳонга танилаётган “Чавқи” фольклор-этнографик халқ дастаси жамоаси аъзолари Фозил Йўлдош қолдирган катта миллий мерос асосидаги термалар ва достонлардан унумли фойдаланиб, ўз репертуарини бойитди. Шу билан эл назарига тушиб, “Халқ дастаси”, деган юксак номга сазовор бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мазмун-моҳияти ва унинг ижроси доирасида туманимизда бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили маданият бўлими томонидан миллий санъат ва маданиятимизнинг ёш иқтидорларини топиш мақсадида рақс, фольклор, бахшичилик, достончилик, миллий созлар ижроси бўйича ўтказилаётган “Ёш талантларни излаймиз” мавзусида олиб борилаётган кўрик-танловлар ўз самарасини бермоқда. Жорий йилнинг январ ойида ўтказилган кўрик-танловда “Соҳибкор” МФЙда яшовчи Шерқўзи Норбеков бахшичилик йўналиши бўйича кашф этилди. Унга маданият ходимлари томонидан ҳар томонлама услубий ёрдамлар берилиб, янги репертуар яратишда йўл кўрсатилаяпти.
Айни пайтда Шерқўзи Норбеков Фозил Йўлдош куйлаган достонлар билан танишиб, “Рустамхон”, “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонларини куйлаш сирларини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Сувонқул Абдуқодиров раҳбарлигида ўрганмоқда.
Бахшичилик ва достончиликка меҳр қўйган ёш талант эгаси Шерқўзи Норбеков ўз билимини ошириш учун вилоятимиз туманлари ва Республикамиз вилоятларидаги ҳамма бахшилар билан доимий алоқада бўлиб, улардан бахшичиликнинг ўзига хос сирларини қунт билан ўрганмоқда. Жумладан, Пастдарғомлик Аҳрор бахши, Сирдарёлик Дилмурод бахшилар билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйди. Сурхондарёлик бахшилар ёрдамида эса ўзига буюртма асосида муносиб дўмбира ясатиб келди.
9 май - Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан маҳаллий шоир Эшбек Намуратов қаламига мансуб, вилоят бахшиларига бағишланган “Бағишлов” дастури асосида тайёрланган театрлаштирилган томошада иштирок этган Шерқўзи Норбеков томошабинлар олқишига сазавор бўлди. Июль ойида эса Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш давлат Дастури асосида амалга оширилаётган маданий тадбирларда иштирок этди. Самарқандда Тиллакори мадрасасида хорижий меҳмонлар учун намойиш этилган концерт дастурида қатнашди. Шунингдек, яқинда Тожикистон Республикасининг ижтимоий-сиёсий ҳамда маданият ва санъат вакилларидан иборат делегациясининг Самарқанд вилоятига ташрифи муносабати билан Регистоннинг Шердор мадрасасида ташкиллаштирилган концерт дастурида Фозил Йўлдош ўғлининг “Кунларим” номли асари билан ижодий чиқиш қилди ва меҳмонлар олқишини олди.
- Менинг отам ҳам халқ термаларини ижро этган достончи бахши бўлиб, қишлоғимизда бўлиб ўтадиган тўйларда, турли тадбирларда иштирок этиб, элимиз ҳурматига сазавор бўлган. Мен 6 ёшлигимдаёқ отамга ҳавас қилиб, оддий чўпни “дўмбира” қилиб, қулоғимга чалинган битта-яримта сўзларни хиргойи қилиб юрганман. Мактабда ўқувчилик давримда бу жараён ўқитувчи-устозлар ёрдамида анча ривожланди ва мактаб, маҳаллада бўлиб ўтадиган тадбирларнинг доимий иштирокчисига айландим. Айни пайтда устозим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Сувонқул ака ёрдамида достончиликнинг, бахшичиликнинг ўзига хос сирларини қунт ва катта ҳавас билан ўрганаяпман. Келгусида Фозил бобомдай машҳур бўлиб, мустақил юртимиз равнақига, меҳридарё халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш ниятидаман, - дейди ёш бахши Шерқўзи Норбеков.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: Шерқўзи бахши дўмбираси билан.