Порахўр одамзод жамиятининг кийимига қора ямоқ қилиб тикиб қўйилганга ўхшайди. Дастлабки ўғирлик ходисалари бир одамлар тўдаси иккинчи бир тўда ҳудудига ўтиб ов қилишдан бошланган бўлса ажаб эмас.
Ҳозирги замонга келиб ҳам ўғирлик барча жамиятлар, тизимлар, тузилмалар, давлатлар, корхона, ташкилотлар, муассасаларда, одам боласининг кўнглида яшаб келаяпти, унинг турлари сон саноқсиз. Ўғирликнинг биз унга қарши қабул қилган қонунларимизга кўринадиганлари, кўринмайдиганлари бор. Иккинчиси кўпроқ. Кўринадиганларини қонун билан жазолаймиз. Кўринмайдиганлари кўпроқ бўлса-да, уларга жазо йўқ.
Ўғирлик ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ҳодиса. Ўғирликни сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий муносабатлар, қабул қилинаётган номукаммал қонунлар ҳар қандай жамиятнинг қора қусури сифатида пайдо қиладилар, пировардида ўз фуқароларини ўғирлик жиноятида айблайдилар. Якка шахсли жамият бўлса ўғирлик бўлмайди. Якка шахсли жамият эса мавжуд эмас. Ўз-ўзидан маълумки, жамият - кўпчилик дегани, жамиятда эса ҳеч қачон бир хил фикр бўлмайди. Қарама-қарши фикрлар манфаатлар қарама-қаршилигини келтириб чиқаради. Талаблари қондирилмаган манфаат ва эҳтиёж ўғирликка қўл уради. Дейлик, бир оиланинг маълум муддатга белгиланган эҳтиёжи ўн миллион сўм. Оила бошлиқлари - ота-она иш жойларида ишлаб беш миллион сўм топадилар, қўшимча ишлаб икки миллион сўм топадилар, жами етти миллион сўм, оила эҳтиёжига яна уч миллион сўм етишмаяпти. Уч-тўрт ой, борингки, бир йил сабр қиладилар, кейин эса ўғирлик қилиб қўяқолишади, етишмаётган маблағни шу йўл билан топишади, фидойилик, самарали меҳнат қилиш каби одамийлик сифатларидан қочишади. Жиноятчига айланишади, қамалишади (албатта, бу фикрлар барчага тегишли эмас). Фақатгина ватанпарварлик сақланиб қолиши мумкин. Ўғри ҳам ўзи туғилиб ўсган жойни Ватаним дейди.
Энди кўринадиган ўғирликлар ҳақида. Биров қурилиш майдонидан икки дона ғишт ўғрилайди, бошқа биров ўша ғиштни ёки бошқа қурилиш ашёсини вагони билан хуфёна ўғирлаб қўяқолади. Биринчи ўғирлик ноилож, камбағал ўғри, унинг жамиятга зарари камроқ. Уни ҳалол, пок одамлар қаторига қайтариш мумкин. Иккинчи ўғри... Унинг ҳамма нарсаси бор. Оиласининг таъминоти керагидан ортиқча, егани олдида, емагани ортида. Унда нега ўғирлик қилаяпти? Бошқаларга бойлигини кўз-кўз қилиб мақтаниш, ўғирлик қилиб бўлса ҳам обрў орттириш учун. Бундай ўғрилар мамлакат, халқ учун энг зарарли шахслардир. Энг қизиғи иккита ғишт ўғирлаган ўғри қамалади, вагонлаб ўғирлик қилган ўғри қамалмайди, қутулиб кетади. У ҳалол, пок одамлар қаторига қайтмайди. Қайта-қайта жиноят қилаверади. Чунки... қутулиб кетишнинг йўлларини билади. Президентимдан, халқимдан кечирим сўрайман, мени кечиришсин деб, кўзини лўқ қилиб тураверади. Кейинги пайтларда бу ибора, қилган жиноятидан қатъий назар, барча жиноятчиларнинг иборасига айланган. Кечиришади, кечирамиз. Наилож. Аслида тескариси бўлиши керак. Кечирилмаслиги керак. Яна... ким қандай...
Кейинги кўриниб турадиган жиноятлар давлат идораларида содир бўлади. Тадбиркорликни ният қилган фуқаро бирор масала бўйича қоғоз тўла қоғозжилдни кўтариб идорага қатнайверади. Иши ечим топмайди. Нега? Унинг ишини битириб берадиган амалдорларнинг ойлик иш ҳақи оиласи эҳтиёжларини қопламайди. Қоплаш учун нима қилади? Пора олади. Иши ечим топмаётган фуқаро буни тушуниб етмагунча идорага қатнайверади. Тушуниб етган куни иши ечим топади, тадбиркорлигини бошлайди. Идора амалдорлари эса охир бир кун пора билан қўлга тушиб қамалади. Лекин, бир-икки йил давомида олган поралари ҳисобидан рўзғоридаги анча камчиликларини битириб олади. Эҳ-ҳе-е, пора олмаганда... ойлик иш ҳақи билан камчиликларини ўн йилда ҳам битиролмаган бўларди. Энди уч-тўрт йилга қамалади, бир-бир ярим йилда яхши хулқи, ўзини яхши тутганлиги учун амнистия билан озод қилишади. Ҳатто, бундай одамларнинг баъзиларини автосалондан янги харид қилинган автомобилни совға қилиб ҳам кутиб олишади. Порахўр қанча фуқароларимизнинг ишини орқага тортиб, жамият тараққиёти ва ривожланишини ортга суради. Таълим тизимида, медицинадаги порахўрликлар ўғирликнинг бир тури сифатида халқимизнинг ривожланишига тўсиқ бўлмоқда. Мамлакатнинг келажагини ўғирламоқда. Кўринмайдиган ўғирликлар...
Медицина ходими, врач беморни хушламайгина қабул қилади, ёки тескариси. Ташхисни нари-бери қўяди, рецепт ёзиб беради. Рецептда керакли дорилардан кераксизлари кўпроқ. Дорихона билан дори сотадиган турли бирлашмалар, компаниялар билан келишилган дорилар сотилиши керак. Врач эса катта миқдордаги келишилган маблағни яширин йўллар орқали олади. Бу маблағ унинг ойлик иш ҳақиданикки, баъзан уч баробар кўп бўлиши мумкин.
Ёки бошқа кўриниш. Мутахассис иш жойида чин кўнгилдан меҳнат қилмайди, ўзини ишлаган қилиб кўрсатади. Лекин тайинли иш қилмайди, борингки бир иш куни давомида битта деталнинг тўртта бурчагини чизиб қўйиши мумкин. Уйига келиб айнан шунга ўхшаган бошқа бир ишни, буюртмани бажариш учун расмий иш жойида дам олишга ҳаракат қилади. Рўзғори учун керак бўладиган асосий маблағни бир амаллаб уйидаги иши орқали топади. Булар ўғирликнинг кўринмайдиган турига иккита мисол холос. Кўринмайдиган ўғирлик орқали маблағ топишнинг минглаб йўллари мавжуд. Айтайлик, раҳбарларнинг кўзини шамғалат қилиб, ишдан эртароқ кетиб қолиш ҳам ўғирликнинг бир тури аслида.
Мукаммал қонунлар яратилиб, уларнинг ҳаётимизда ҳақиқий ишлаши таъминланса, фуқаролар иш жойларидан олаётган иш ҳақлари уларнинг оилаларини ўртача ёки яхши яшашини кафолатласа ўғирлик, порахўрлик каби иллатлар, камчиликлар ўз-ўзидан йўқолиб боради ёки сезиларли даражада камаяди. Яхши иш жойидан, яхши маошдан ҳеч кимнинг ажрагиси келмаса керак. Ана шунда халқимиз вакиллари чет элларда иш қидириб сарсон-саргардон бўлмайдилар, фарзандлари тарбияси билан шуғулланиб, Ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшадилар. Энди ўғирликнинг ижтимоий масаласига келсак, ҳаётий шароити босқичама-босқич яхшиланиб борадиган халқ ўғирликдан ҳам воз кечиб боради. Пировардида мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишни ўзининг бурчи, деб билади. Фидойилик, ватанпарварлик каби инсоний фазилатлар юксакликка кўтарилади.
Турсунпўлат ЭЛЧИЕВ,
71-умумтаълим мактабининг рус тили фани ўқитувчиси.