Мамлакатимизда таълим тизимига берилаётган эътибор самараси ўлароқ, ўқитувчи мақоми ошиб, ўқувчиларнинг турли кўрик-танлов, фан олимпиадларида фахрли ўринларни эгаллаши, хорижий ўқув юртларига муддатидан олдин киришларига омил бўлмоқда.
720 ўринли мактабимизда айни вақтда 1387 нафар ўқувчи ўқийди. Уларга 98 нафар ўқитувчилар сабоқ бермоқда. Жорий йилда мактабни 96 нафар ўқувчи битирган бўлса, 140 нафар ўқувчи янги ўқув йилига биринчи синфга қабул қилинмоқда.
Мактабимиз Ўзбекистон Республкаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатинива фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ кимё ва биология фанлари чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилаяпти. Яқинда имтиҳон жараёнлари бўлиб ўтди. 30 нафар энг иқтидорли ўқувчилар танлаб олинади.
Шунингдек, мактабда айни кунларда янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари ҳам якуний босқичда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида мактабда турли спорт тўгараклари ташкил этилиб, фаолият юритмоқда. Жумладан, бадиий гимнастика тўгарагида бугун мактабнинг спортсевар қизлари иштирок этиб, турли мусобақаларда ҳам қатнашишмоқда. Яқинда бу тўгарак аъзолари 2012, 2013 ва 2014 йилда туғилган қиз болалар ўртасида Самарқанд тумани 2-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби очиқ биринчилигида умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни эгаллашди. Ғолибларга диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди.
Ёзги таътил даврида ҳам қатор тўгараклар фаолиятини олиб борди. Кутубхона, спорт зали ўқувчилар ихтиёрида бўлди. Улар бу ерда бўш вақтларини мазмунли ўтказишди. Математика фанидан ташкил этилган икки ойлик курс битирувчилари якуний имтиҳонларни топширишди. 19 нафари турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Тақдирлаш маросимида туман ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлими мутасаддилари иштирок этишди. Эътирофли жиҳати, мактаб ўқувчилари турли кўрик-танлов, олимпиадаларда ҳам иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Жумладан, 9-синф ўқувчиси Дилрабо Орзиқулова Россияда математика фанидан ўтказилган халқаро онлайн фан олимпиадасида 1-ўринни эгаллади.10-синф ўқувчиси Аҳмад Хуршидов дастурлаш бўйича ўтказилган халқаро беллашувда 1500 долларлик грант соҳиби бўлди. Алибек Оймуҳаммедов математика фанидан Россияда ўтказилган халқаро танлов совриндори. У муддатидан олдин Россия давлати техника университети талабаси бўлди. Битирувчи Амир Ҳожиев эса Халқаро вестмистер университети талабасига айланди. Яна бир иқтидорли ўқувчимиз Ойбек Носиров математика фанидан халқаро олимпиаданинг вилоят босқичи совриндори. Ўқувчиларни ушбу ютуқлар билан муборакбод этиб, ота-оналарига раҳматлар айтдик, устозларини тақдирладик. Янги ўқув йилида ҳам бор шижоатимизни ишга солиб, таълим тизимида самарали хизмат қиламиз, албатта.
Зоҳида ОРТИҚОВА,
22-умумтаълим мактаби директори.