Сўнгги пайтларда Республика Журналистлар уюшмаси саъй-ҳаракатлари туфайли вилоятлар, туман ва шаҳарлар газета ва журналларида фаолият кўрсатаётган ижодий жамоалар журналистларининг ижодий учрашувлари ва семинарлар тез-тез ташкил этилмоқда. Ўзига хос анъанавий ҳолда ўтказилаётган семинарларда ҳар бир ижодкор ва журналист бир-бирларининг иш тажрибалари ва фикрлари билан ўртоқлашмоқдалар.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда ва дунёда бўлаётган ўзгаришлар ва янгиликларни кенг оммага етказишда газеталаримизда тезкорлик етишмаяпти. Шу боисдан ҳам фуқаролар кўпроқ интернетдан фойдаланишмоқда. Бироқ, босма нашрларнинг ҳам, телевидение ва радионинг ҳам ўз тингловчиси ва ўқувчиси бор.
Бугун аксарият вилоят газеталари, айниқса кўпгина туман газеталарининг иқтисодий аҳволи ачинарли аҳволда. Обуначилар сони кундан-кун камайиб бормоқда. Газетанинг яшаб қолиши учун нима қилиш керак? Ходимларга тўлиқ шароит яратиш, обуначилар сонини, газетанинг ўқимишлилигини ошириш, ададини кўпайтириш учун қандай иш тутсак тўғри бўлади? Ўтказилаётган семинарларда ана шундай саволларга биргалашиб ечим топиш учун журналистлар бир-бирлари билан фикрлашмоқдалар ва тажрибаларини ўртоқлашмоқдалар.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Журналистлар ижодий уюшмаси ва Сирдарё вилоят ҳокимлиги ва Журналистлар ижодий уюшмаси Сирдарё бўлими ташаббуси билан Сирдарё шаҳрида Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятларида ижод қилаётган журналистлари иштирокида семинар ташкил этилди.
Тонг саҳарда йўлга чиққан тадбир иштирокчиларини Сирдарёлик бир гуруҳ ижодкорлари шаҳарга кириш жойида илиқ кутиб олишди. Семинар иштирокчилари дастлаб Сирдарё туманидаги Баҳром Умрзоқов раислик қилаётган “Шодлик самара савдо” кўп тармоқли фермер хўжалиги дала шийпонида бўлиб, фермер хўжалиги иш фаолияти билан танишдилар. 31 гектар экин майдонига эга бўлган фермер хўжалиги жорий йилда томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта ва соя ўсимликларини қўшқатор усулда парваришлашмоқда. Фермер хўжалиги аъзолари бу йил 40 центнердан пахта ва 30 центнердан соя ҳосилини йиғиштириб олишни режалаштиришган.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари “Ўзбекистон-Хитой дўстлик боғи” саноат зонаси биносининг фаоллар залида Сирдарё вилояти журналистларининг Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилоятларида фаолият юритаётган журналистлари билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров семинар иштирокчиларини тадбир билан қутлаб, уюшманинг фаолияти, айни пайтда республикамизда журналистларга берилаётган эътибор, имтиёз ва имкониятлар, журналистнинг жамиятдаги ўрни, келгусида ОАВ минтақавий семинарлари ташкил этилиши, уюшмага аъзолик, журналистларнинг санаторияларда дам олишлари, соғликларини тиклаш, хорижга хизмат сафарлари уюштириш кабилар тўғрисида сўз юритди.
Семинарда сўзга чиққан “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев газета ададини сақлаб қолиш учун аввало газетада мулоҳаза учун мавзу, халқаро ва турли долзарб мавзулардаги мақолаларни кўпроқ чоп этиш, газета сайтида обуначилар сонини ошириш, устоз-шогирд анъанасини давом эттириш, байрам ва ҳайит кунлари нафақадаги журналистлар ва техник ходимларнинг ҳолидан хабар олиш, жамоатчилар билан ишлашни йўлга қўйиш, реклама ва эълонлардан кўпроқ фойдаланиш лозимлиги тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, тадбирда Журналистлар уюшмасига аъзоликка қабул қилинган бир гуруҳ журналистларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари топширилди.

Тадбирда “Булунғур ҳаёти” газетасининг бош муҳаррири Ғуломжон Ўролов сўз олиб, Сирдарё вилоятида ижод қилаётган журналистлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги, бундай анъаналар бардавом бўлишлиги, газета обуначига ўз вақтида етиб бориши учун нима қилиш кераклиги, “Булунғур ҳаёти” газетасининг бугунги фаолияти ҳақида фикрларни билдирди.
Семинарда “Университет овози” газетаси бош муҳаррири Мунаввар Пардаев, “Халқ сўзи” газетасининг мухбири Аҳмадали Шерназаров, “Ишонч” газетасининг Жиззах вилояти бўйича мухбири Муқимбой Исмоиловлар ҳам ўз сўзларида газетанинг бугунги аҳволи, келгуси тақдири ҳақидаги фикрларини баён этишди.

- Хорижий инвестиция асосида ташкил этилган ушбу қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар ички бозорлардан ташқари Россия, Тожикистон, Украина каби бир қанча давлатларга экспорт қилинмоқда, - дейди қўшма корхона директор ўринбосари Мўминбек Каримов. - Айни пайтда корхонамизда 1600 нафар маҳаллий ва 400 нафар Хитой давлати фуқаролари ишлайди. Улар учун барча шароитлар муҳайё қилинган.
Тадбир иштирокчилари қўшма корхона фаолияти билан танишгач, Сирдарё дарёси қирғоғида жойлашган “Дархан” МЧЖга қарашли дам олиш масканида, очиқ осмон остида, бир пиёла чой устида мулоқотни давом эттиришди. Семинар барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти” газетасининг махсус мухбири.