Касбини эъзозлаган инсон ҳар қандай вазиятда ҳам унга содиқ қолар экан. 35 йилдан буён “Булунғур ҳаёти” газетасида ишлаш жараёнида жуда мураккаб босқичларга гувоҳ бўлган бўлсам-да, газетадан узоқлашмадим, ишимни давом эттирдим. Қийинчиликларни бирма-бир ортда қолдириб, газетанинг бугунги даражага етишиши йўлида астойдил тер тўкдим. Бунгача эса...
2005 йилларга келиб таҳририят аста-секин инқирозга юз тута бошлади. Рўзноманнинг ададибутунлай тушиб кетиб, 2007 йили адади атиги 270 нусха эди. Штатлар қисқариб, ойлик маошлар кескин камайди. Ходимлар бирин-кетин ишдан кета бошлади. Таҳририят таназзули туфайли газета фаолияти тўхтатилиб, ҳатто ёпилиш даражасига келди, бу ҳақда газета муассиси ва таҳририят номига вилоят Матбуот бошқармасининг расмий огоҳлантириш хати ҳам олинди. Шундай вазиятда газетанинг ишини ўнглаш зарур эди, бунинг учун жон куйдириб, фидойилик билан иш юритиш талаб қилинарди. Таҳририятда эса ҳамма ишлар бир ўзимнинг зиммамда қолган...
Йиллар давомида ишни аста-секинлик билан ўнглаб бордим. А-3 шаклдаги оқ-қора рангдаги газетани рангли, мазмунли ва дизайн жиҳатидан кўркам ҳолга келтириб олдим. 2015 йилдан бошлаб газета А-2 шаклда, рангли кўринишда чоп этила бошлади. Газетада ижодий ходимлар сони ҳам ўсиб борди. Шу пайтгача ҳафтасига 2 марта чоп этилган газета ҳафтасига 3 марта чоп этилиши йўлга қўйилди. 2018 йилда газета тарихида илк бор 6000 нусхадан кўп ададда чоп этила бошлади. Газета вилоятдагина эмас, Республикада ҳам ўз мавқеини тиклаб олди. Журналистлардан Холбой Қосимов, фотомухбир Раббим Ҳотамовларнинг қизиқарли, ўқимишли мақолалари,суд очерклари, фотолавҳалари вилоят ва Республика матбуот нашрларида ҳам чоп этила бошлади. 2018 йил якуни бўйича таҳририят рўзномада чоп этилган қизиқарли, долзарб мавзудаги мақолалар, суд очерклари учун Республикада юқори кўрсатгичларга эришиб, рўзнома муҳаррири сифатида мен Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Фахрий ёрлиғи, қимматбаҳо телевизор билан тақдирландим. 2019 йилда журналист Холбой Қосимов “Йилнинг энг фаол журналисти” Республика кўрик-танловининг совриндори бўлди. 2020 йилда ҳам мен ва фотомухбир Раббим Ҳотамовлар матбуот соҳасидаги кўп йиллик самарали фаолиятимиз учун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландик. Бундан ташқари, мен 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллиги, 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги кўкрак нишонлари билан ҳам тақдирландим. Бу газета ишининг яхшиланганлиги, замон билан ҳамқадамлигининг эътирофи эди.
Бугунги кунда газета ижодий жамоаси давр талабига ҳамоҳанг иш юритишни йўлга қўя олган. Бу изланишлар ва интилишлар самарасидир, десак адашмаган бўламиз.
Пўлат ЧЎМБОЕВ,
масъул котиб.