Қарийб 40 йиллик фаолиятим мобайнида замонавий журналистиканинг асосий талаби - таҳлил ва таҳрир энг мураккаб жараён эканлиги, бундай ижодий имкониятга ҳаммамиз ҳам қодир эмаслигимизга ҳар сафар муаммога дуч келганимда ишонч ҳосил қиламан. Тан олайлик, оммавий ахборот воситалари - радио, телевидение, газета ва журнал таҳририятларида кўзга кўринган, моҳир таҳлилчи ва таҳрирчига ҳамиша ҳам дуч келавермаймиз. Бугунги таҳлилчи ва таҳрирчиларимизнинг ўртача ёши “пенсия”, деб аталмиш жойга етиб қолганлиги ёки ўтиб кетганлигининг гувоҳи бўламиз. Ёш ва ўрта авлод вакиллари орасида бундайларни учратиш мушкул.
Аслида, таҳлил ва таҳрир шаклидан қатъий назар, барча оммавий ахборот воситалари олдига қўйилган асосий талабдир. Ана шу талабга жавоб берадиган ходим бўлмаса, нима қилиш керак, деган савол туғилади. Бугунги кунда ҳамкасбларим орасида равон, чиройли ёзсанг бўлди, деган тушунча бўй кўрсатмоқда.
Бугунги ахборот технологиялари асрида ижтимоий тармоқлар фаоллиги ва ҳозиржавоблиги яққол кўзга ташланмоқда. Уларнинг ана шу устунлиги босма нашрлар ҳақидаги тасаввурларнинг салбийлашувига сабаб бўлмоқда. Аввало, аксарият сайт ва ижтимоий тармоқларда ҳеч қачон босма нашрлардагидек таҳлилий, танқидий чиқишларга кўзингиз тушмайди. Танқид борки, бир ёқлама бўлиб, охири мутасаддини камчилик аниқланган жойга чорлаш, унинг эса камчиликни тугатамиз, йўл таъмири ёки электр таъминотидаги муаммони ҳал этиш келгуси йил дастурига киритилади, деган жавоби билан ниҳоясига етади. Балки ижтимоий тармоқларнинг қисқа ва тезкорлиги шуни талаб этиши мумкиндир. Бироқ, кўпчиликнинг эътиборини қаратаётган муаммонинг ечими кўрсатилмаса, айбдорлар аниқланмаса, бундан кимга наф?!
Аксарият босма нашрларнинг ўз сайти ва ижтимоий тармоқларда саҳифалари мавжуд. Тезкорлик, ҳозиржавоблик талаби асосида бу нашрларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам танқидий, таҳлилий материаллар ўрнига кичик хабарларни жойлаштириш афзал кўрилмоқда. Балки, қайсидир маънода босма нашрлар тўғри йўл тутаётгандир. Ахир бир неча қоғоздан иборат танқидий материални ижтимоий тармоққа жойлаштириб, “телефонга сиғмай” қолганидан кўра газета саҳифасига жойлаштириш қулайроқ-да! Ишга бу усулда ёндашиш ҳам ижтимоий тармоқларда таҳлилий тизимдан юз ўгиришга олиб келмаяптими?
Юқорида оммавий ахборот воситалари, хусусан, босма нашрларнинг жамиятда тутган ўрни, улар ҳамиша давлат ва эл орасида кўприк вазифасини бажариб келганлиги, яъни, давлат сиёсати, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг омма орасида тарғиб этиш, халқ дардини эса, “юқори”га етказишни ўз зиммасига олганлигини таъкидлаган эдим. Ҳозир ҳам бу “кўприк”нинг вазифаси ўзгаргани йўқ. Афсуски, узоқ давр мобайнида давлатга, ҳукумат ва халққа беминат хизмат қилган бу “кўприк” бугун... хавф остида қолиши мумкин.
Мамлакатимизда 800 га яқин мулкчилик шакли турлича бўлган босма нашрлар мавжуд. Уларнинг ҳар бирида қанчалаб фидойилар хизмат қилишмоқда. Бугун айримларнинг гапига кириб босма нашрлардан воз кечадиган ёки уларни тақдир йўлига ўз ҳолича ташлаб қўядиган бўлсак, қанча босма нашрлар ёпилади, уларнинг миллионлаб ўқувчилари эҳтиёжини нима қондиради, таҳририятлар ходимлари кўчада ишсиз қолмайдими?! Бу ҳақда биз, босма нашрлар ходимлари ҳам жиддий ўйлаб кўрмаётганимиз, раҳбарият масъуллар олдига асосли талабларни шу чоққача қўймаганлигимиз ўз тақдиримизга, қолаверса, маънавиятимиз сарчашмаси бўлган босма нашрлар келажагига совуққонлигимиз эмасми?!
Бугун мамлакатимизда китобхонлик ҳаракати жўш урмоқда. Мамлакатимиз раҳбарининг диққат-эътибори бу ҳаракатга қаратилаётганлигининг чуқур маънавий сабаби ҳам бор. Ахир, анчадан буён китоб ўқимай қўйдик! Буни қарангки, Президентимизнинг бу ҳақдаги ташаббусидан сўнг раҳбарлар ҳам, ҳокимлар ҳам китобхонга айланиб кетди. Ҳатто, умрида қўлига китоб у ёқда турсин оддий газетани ҳам ушламаган раҳбар ва тадбиркорлар бугун китобхон ва китобхонлик пешвоси сифатида майдонга чиқаётганлиги қувонарли эмасми?
Шундай экан халқимизни, ёшларимизни, айниқса, раҳбарларни газетхонликка жалб қилиш чораларини кўриш керак. Мажбурий обунани йўқотиб, мажбурий мутолаани ҳаётга татбиқ қилишимиз керак.
Қувондиқ ХАЛИЛОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.