“Соҳибкор” МФЙ фуқароси Шоира Муродова маҳалла “Темир дафтари”нинг биринчи рўйхатида турарди. Нима иш қилишини билмай юрганида унинг жонига маҳалла хотин-қизлар фаоли Фароғат Ҳазратқулова оро кирди. Давлатимиз раҳбарлари томонидан хотин-қизларимиз учун яратилаётган улкан шароитлар ҳақида тушунтириб берди. Шундан сўнг фуқаро Шоира Муродова маҳалла оқсоқоллари маслаҳати билан енг шимариб, оила аъзолари билан келишилган ҳолда ишга киришиб кетди.

Тегишли ҳужжатлар асосида “Агробанк”нинг туман филиалидан 30 миллион сўм кредит олди. Ушбу кредит ҳисобидан Туркия давлатидан қолипли нон ишлаб чиқариш ускунаси сотиб олинди. Кунига 450-500 дона қолипли нон ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди. Шу сабабли оила аъзоларидан тўрт киши доимий иш билан таъминланди.
Ишлаб чиқарилаётган қолипли нонлар болалар боғчаларига, маҳалладаги ҳамма савдо дўконларига етказиб берилмоқда.
- Иш бошлаганимизга 3 ой бўлди, - дейди Шоира опа Муродова қувончини яшираолмай. - Даромадимиз ҳисобидан Самарқандлик новвойлардан уй нони ёпиш учун тандир сотиб олдик. Турмуш ўртоғим Шавкат ака Муродов самарқандлик новвойлардан тандирда нон ёпиш сирларини ўрганиб келди. Айни пайтда Шавкат ака ёпаётган нонлар қўлма-қўл бўлиб кетмоқда.
- Қўли дард кўрмасин бу Шавкатбойнинг, - дейди 73 ёшли фуқаро Баҳодир бобо Алимов. - У ёпаётган нонлар Самарқанд нонидан қолишмайди, таъми бирам ширин. Тўй-маъракалар учун нонларни буюртма асосида Шавкатбойдан олаяпмиз.
Интилганга толе ёр, деб бежиз айтилмаган. “Темир дафтардаги аёл” ташаббуси билан оила аъзолари ишли ва даромадли бўлишди. Бундай тадбиркор аёлларимизга омад ёр бўлсин.
Раббим ҲОТАМОВ.