Ҳар бир касбга меҳр ёшликдан бошланади. “Соҳибкор” маҳалласи фуқароси Равшан Маҳмудов ҳам жуда ёшлигидан техникаларни таъмирлаш касбига меҳр қўйди.
- Маҳмуд бобом ўз вақтида жуда катта уста бўлган экан, - дейди Равшан ака. - Бобом дурадгор уста сифатида янги уйлар учун эшик ва дераза ромлари ясаган. Биноларнинг устини ёпиш, хоналарга пол-патолок ўрнатиш, айвон қуриш ишларидан ташқари қўқон аравалар ясаган, катта темирчи уста сифатида хўжаликдаги техникаларни таъмирловчи машҳур уста бўлиб, элимизнинг, халқимизнинг ҳурматини қозонган. Бобомниг ўғли, менинг отам Усмон ака ҳам бобомнинг ишларини давом эттириб, катта уста сифатида қишлоқ аҳолисининг ҳурматига сазавор бўлган. Отам дурадгорликдан ташқари телерадио устаси бўлиб элга танилган. Мен учинчи авлод вакили сифатида ота- боболаримнинг ишларини давом эттирмоқдаман.

Ёшлигидан техникага меҳр қўйиб вояга етди. Калтепа қишлоғида яшовчи автомобилларни таъмирлаш бўйича катта уста Мамаражаб акага шогирд тушди. 5 йиллик шогирдлиги давомида устозидан энг аввало, одамлар билан муомала қилишни, автомобилларга техник хизмат кўрсатишни миридан-сиригача ўрганиб олди. Устозининг дуоларидан сўнг мустақил уста сифатида фаолият юрита бошлади. Бундан икки йил олдин маҳалла раиси ва оқсоқоллари маслаҳати билан ўз ҳисобидан автоустахона қуриб иш бошлади. Бугунги кунда тадбиркорлар учун яратилаётган улкан имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркор сифатида маҳалла аҳолисига беминнат хизмат қилиш мақсадида фаолиятини кенгайтирди.
Автоустахона ёнида эркаклар ва аёллар учун сартарошхона, иккита тикувчилик биноларини ишга туширди. Шу сабабли оила аъзолари ва ишсиз юрган қариндошларидан 6 нафар киши доимий иш билан таъминланди. Айни пайтда Бегали, Дилмурод каби шогирдлари автомобилларга техник хизмати кўрсатишмоқда.
Матлуба янгаси ва Гулнора опаси шогирдлари билан бирга хотин-қизлар учун замонавий миллий кийимлар, келин- куёв либосларини маромига етказиб тикишмоқда.
- Маҳалламизнинг асил йигитларидан бири, тадбиркор Равшан Маҳмудов ўзининг ҳалол меҳнати билан халқимизнинг ҳурматига сазавор бўлиб келмоқда, - дейди “Соҳибкор” МФЙ раиси Ҳикматилла Казаков. - Маҳалла фаоли сифатида турли тадбирлар иштирокчиси, ҳудудимиз ободончилиги ишларига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Кам таъминланган, якка-ёлғизлар ва бетоб кишилар ҳолидан хабар олишда кўпчиликка ўрнак бўлмоқда.
- Маҳалла раиси Ҳикматилла ака ва фаоллардан мамнунман, - дейди тадбиркор Равшан Маҳмудов. - Шундай қалби дарё инсонлар маслаҳати билан маҳалламиз кундан-кунга обод масканга айланиб бормоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.