Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йил 8 октябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамиятда ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида туманда “Ёшлар дафтари” учун хатлов ўтказилди. Туманда 32032 нафар ёшлар хатловдан ўтказилиб, 27936 нафарига анкета сўровномаси тўлдирилди. Хатловда туманимиз ёшларининг 4096 нафари хорижда ва бошқа вилоятларда яшаётганлиги аниқланди. Хатловдан ўтказилган ёшларнинг 5847 нафарида турли муаммолар мавжудлиги аникланди.
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар муаммоларини ижобий ҳал этишда туманимизда бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, айни пайтга қадар 599 нафар ёшларга қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан биринчи экин учун ер майдонлари ажратиб берилди. Такрорий экиш учун 3094 нафар ёшларга ер ажратилди. 1080 нафар ёшлар бўш иш ўринларига доимий ишлаш учун ишга қабул қилинди. 520 нафар ёшларга эса 10 миллиард 890 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Туманда бир ҳафталик “Тадбиркорлик сабоқлари” ўқув курслари очилиб, 181 нафар ёшлар ўқитилди ва сертификатлар берилди. Бундан ташқари, касб-ҳунарга ўқиш истагини билдирган 215 нафар ёшлар туман Бандликка кўмаклашиш бўлими билан ҳамкорликда ўқув курсларини битириб, аниқ мутахассислик бўйича сертификатларга эга бўлишди. 154 нафар ёшлар “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида “1+1” лойиҳаси доирасида тадбиркорларга бириктирилди. “Ёшлар жамғармаси” маблағларидан “Ёшлар дафтари”га киритилган 619 нафар ёшларга 1 миллиард 67 миллион сўм ёрдам кўрсатилди.
Жумладан: 202 нафар ёшларга бир марталик, 10 нафар ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш учун моддий ёрдамлар кўрсатилди. 22 нафар ёшларнинг нодавлат таълим муассасаларида касб-ҳунарга ўқиши учун ўқиш харажатлари, 12 нафар ёшларнинг тўлов контракт пуллари, 20 нафар ёшларнинг сафарбарлик чақирув резерви харажатлари тўлаб берилди. 51 нафар ёшларга кўчат ва уруғлик берилди, 233 нафар ёшларга асбоб-ускуналар ва енгил қишлоқ хўжалиги ҳайдов техникалари ажратилди. Айни пайтда 71 нафар ёшлар ҳайдовчиликка бепул ўқитилмоқда.
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан тизимли ишлашни ташкил қилиш мақсадида туманда ёшлар билан ишлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқида ҳамда халқимиз ва Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида белгилаб берилган энг муҳим устувор йўналишлар асосида янгича ёндашув билан ишлар ташкил этиляпти. Хусусан, туманимизда Ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этишга қаратилган “Ёшлар дастури” ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. “Ёшлар дастури” доирасида 7-30 ёшдаги 78 минг 829 нафар ёшлар (93,6 фоиз) қамраб олиниши белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 27 январь ва 1Запрель кунлари ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишларида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан устувор чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Мамлакатимизда 30 июнь - "Ёшлар куни" муносабати билан июнь ойи анъанавий тарзда "Ёшлар ойлиги" сифатида кенг нишонланиб келинаётганлиги ва Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан жорий йилнинг июнь ойида амалдаги карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида “Ёшлар ойлиги” ўтказилиши белгиланди. Ойлик доирасида ёшларни она Ватанга, оилага, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўналашида ҳарбий ватанпарварлик фестиваллари ўтказилиб, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Ёшларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари, “Ҳокимнинг ёшларга мурожаати” лойиҳаси, “Сектор раҳбари ва ёшлар” учрашуви, “Бизнес марафон” лойиҳаси, Бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилди.
Истеъдодли ва иқтидорли қўллаб-қувватлаш бўйича беш муҳим ташаббусни амалга ошириш ҳамда волонтёрлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш йўналашида Спорт ва ёшлар лойиҳаси, “Ёш шахматчи” очиқ турнири, “Ёшлар веломафони”, Киберспорт мусобақаси, “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловлари ўтказилди.
Ёшлар ўртасида илм-фанни ривожлантириш ва уларнинг иқтидорини намойиш қилишларига кўмаклашиш йўналишида “Интеллектуал ўйинлар” ҳафталиги, “Мунозара” интеллектуал турнири ўтказилди.
Ёшларда сиёсий саводхонликни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида “Ёшлар ва қонун” танлови, “Ватан тақдири менинг тақдиримда” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ёшлар, меҳрибонлик уйларида тарбияланган, боқувчисини йўқотган ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш йўналишида “Эътибордагилар” лойиҳаси амалга оширилди.
Хуллас, туманимизда ёшлар билан ишлаш аниқ режа асосида олиб борилмоқда. Ишонамизки, туманимиз ёшларига эътибор ва кўмак бунданда кўпроқ бўлаверади.
Камолиддин ҒАППАРОВ,
Ёшлар ишлари агентлиги
Булунғур туман бўлими бошлиғи