Туманимизда 2021 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар салмоқли бўлди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми 3 триллион 743 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Ўтган йил якунига кўра ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 279,1 миллиард сўмлик 70 та ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш ва 579 та янги иш ўринларини яратишни режалаштирган эдик. Режа муваққиятли бажарилди. 23 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 154 та янги иш ўрини яратилди. Жумладан, “Булунғур экспорт-импорт” МЧЖнинг 15,5 миллиард сўмлик озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 30 та, “Самарқанд мевалари” МЧЖда мева-сабзавотларни сақлаш учун музлатгичли омборхона ишга туширилиши натижасида 20 та янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, 3675 та ёшларга деҳқончилик фаолияти учун 918 гектар ер майдони ажратиб берилди. 51 нафар ёшлар деҳқончилик фаолияти учун 89 миллион сўмлик уруғ кўчатлари балан таъминланди.
Туманда ташкил этилган кластерлар, яъни “Булунғур Сандвик” қўшма корхонаси ва “Самарқанд Гарден Пласт” МЧЖлари туман фермер хўжаликлари билан боғланиб, 44514 тонна сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаб, экспортга чиқарилиши таъминланди. Жорий йилда ғаллачилик йўналишида “Пет Агро Оил” МЧЖ кластери ташкил этилиб, ғалла хариди бўйича контрактация шартномалари тузилди. Туманда етиштирилаётган сабзавот маҳсулотларидан 1450 гектар булғор қалампири, 340 гектар қизил лавлаги, 350 гектар кабачки, 450 гектар лук-пари, 455 гектар гулкарам ҳамда асосий ва такрорий майдонларга экилган 2500 гектар дуккакли маҳсулотлар тумандаги экспортёр корхоналар томонидан четга экспорт қилинади.
Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги ПФ-6234-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманда мавжуд 610 та фермер хўжаликлари такрорий экин ерларидан 4082 гектар ер майдонларини 15113 нафар ишсиз фуқароларга такрорий экин экиб фойдаланиши учун ҳар бир фуқарога 0,25 гектардан ер ажратиб берилди. Ўтган йили туманда жами 17505 нафар ишсиз фуқароларга 4305 гектар асосий ва такрорий ер майдонлари ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.
Туманимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида 2022 йилда ҳам режалаштирилган асосий вазифаларимизни амалга оширамиз. Хусусан, туманимизда 2022-2026 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари, йил якунига қадар белгиланган устувор вазифалар ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун қўшимча резервларни сафарбар этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Жорий йил якунига қадар 4 триллион 456 миллиард сўм асосий кўрсаткичларимиз ўсиши мўлжалланган.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида аҳолининг бандлигини таъминлаш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолаверади. Жумладан, 189 та ер эгаларига Фермер-деҳқон ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-20-сонли Қарорига мувофиқ сув тежовчи технологиялар, уруғликлар ва бошқа турдаги асбоб-ускуналари учун 5 миллиард сўм кредит маблағлари йўналтирилади.
606 гектар фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланаётган паст ҳосилли ғалла майдонларининг қисқартирилган ерлари ҳисобидан фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда очиқ электрон танлов орқали ер ажратилиб, ижара ҳуқуқи асосида 1896 нафар ишсизларнинг бандлиги таъминланади. Шунингдек, 802 гектар ғалладан бўшаган ер майдонлари такрорий экиш учун ажратилиб, 2368 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланади. Бунда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”даги фуқароларга ажратилиб берилишига алоҳида эътибор қаратилади.
Аҳолининг ички истеъмолидан ортган 37,4 минг тонна пиёз ва 13,5 минг тонна помидор маҳсулотлари ўрнига тумандаги 4 та сабзавотни қайта ишлаш корхоналари талабидан келиб чиққан ҳолда экспортбоп сабзавотлардан гулкарам ва бошқа маҳсулотларни етиштирамиз. Шу орқали қайта ишлаш корхоналарига қўшимча 40 минг тонна маҳсулот етказилиб берилади. Қўшимча қайта ишланган маҳсулотлар экспортга йўналтирилиб, ушбу корхоналарда 150 та доимий ва 500 та мавсумий иш ўринлари яратилади. Олинадиган даромад миқдори ҳам ошиб боради.
А.РИЗАЕВ,
туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари.