Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлаш зарурати бўлган фуқароларга давлатимиз томонидан манзилли тарзда кўмаклашиш бўйича амалий ишлар бажарилиб келинмоқда.
Муҳтарам Президентимиз раислигида “Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 20 август ва 8 октябрь кунлари ўтказилган видеоселектор йиғилишларида ҳар бир маҳалла кесимида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш, бу дафтарлар эса “Темир дафтар”дан алоҳида бўлиши, унга ижтимоий-ҳуқуқий психологик қўллаб- қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган ишсиз ёшлар ва хотин- қизлар киритилиш натижасида улар билан тизимли ишлар манзилли йўлга қўйилиши юзасидан вазифалар белгилаб берилди.
Ҳозирги кунда туманда 191 минг нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда, жумладан 93 607 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. “Аёллар дафтари”ни шакллантириш юзасидан тумандаги 55 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги мавжуд 30 843 та хонадондаги 30 ёшдан юқори бўлган 29 677 нафар аёлларнинг 28 344 нафарига анкета сўровналари тўлдирилиб, электрон базага киритилди ва “Аёллар дафтари” рўйхати шакллантирилди.
Янгиқўрғон маҳалласида яшовчи 1 нафар аёл - Юсупова Наргиза Эркиновнага ижара пули тўлаб келинмоқда.
Аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида 350 нафарига жами 612,5 млн. сўм маблағ асосида субсидия эвазига асбоб-ускуналар олиб берилди. Бугунги кунда 3 нафар хотин-қизлар дафтарда қолмоқда ва уларни ҳам “Аёллар дафтари”дан чиқариш чоралари кўрилмоқда. Жорий йил 25 июнь куни ўтказилган Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши 5-сонли баёнига мувофиқ туманда “Аёллар дафтари”нинг 2-босқич рўйхатлари ҳам шаклантирилди. Мазкур рўйхатнинг 2-босқичига 9 та тоифадаги 2152 нафар хотин-кизлар киритилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан индивидуал равишда иш олиб бориш тадбирлари давом эттирилади.
Булунғур тумани табиий иқлим шароити ва азалдан аҳоли мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашганлиги сабабли мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ривожланиб келмоқда.
Туманда 4 та мева-сабзавот ва 1 та ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда бугунги кунда 1252 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритмоқда, шундан 859 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Жумладан, уларнинг 72 нафарини “Темир дафтар”да, 148 нафарини “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар ташкил қилади.
Мисол учун: “Греен агро экспорт” МЧЖ томонидан қиймати 33 млрд. сўмлик мева-сабзавотни қайта ишлаш (қуритиш) фаолияти 2021 йилда йўлга қўйилиши натижасида 69 та иш ўринлари яратилди, шундан 54 нафарини хотин-қизлар ташкил қилмоқда.
Бугунги кунда корхонада 18 нафардан 3-сменада хотин-қизлар болгар қалампирини тозалаш ва саралаш ишларини амалга оширмоқда. Корхонада октябрь ойидан пиёз маҳсулоти қабул қилиш мавсуми бошланиши биланқўшимча 252 нафар хотин-қизларнинг 3-сменада иш фаолияти бошланади.
Тумандаги мавжуд 7 та кооперативларда жами 414 нафар темир дафтар, ёшлар ва аёллар дафтарларидаги ишсиз фуқаролар бириктирилган. Уларга 25 сотихдан 50 сотихгача ер майдонлари берилган. Шундан 54 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлардир.
Туман Фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан жами 13 минг туп мевали дарахт кўчатлари тарқатилган бўлиб, биргина “Хўжамазгил” махалласига 10 минг туп тарқатилиб, шундан “Аёллар дафтари”га киритилганларга 3 минг дона мевали дарахт кўчатлари тарқатилди.
Қолаверса, “Аёллар дафтари”даги томорқадан фойдаланиш истагини билдирган хотин-қизларнинг 101 нафарига 2 минг 525 дона саноатбоп жўжа тарқатилган бўлса, “Аёллар дафтари”даги ишсиз хотин-қизларга эса 1 минг 975 дона жўжа тарқатилди.
Туман ҳудудидаги маҳалла ва қишлоқлар тарқоқ жойлашганлиги сабабли марказдан узоқроқ ҳудуддаги хотин-қизларга фермер хўжаликларининг ғалла ва бошқа экинлардан бўшаган майдонларнинг 227 гектарига 907 нафар хотин-қизлар томонидан картошка, сабзавот ва дуккакли экинлар экилди.
Шундан, “Аёллар дафтари”даги 213 нафар хотин-қизларга 53 гектар майдон ажратиб берилди. Мисол учун: “Оқтош” маҳалласида яшовчи 46 нафар хотин-қизларга 12 гектар ер майдони ажратилиб, экинлар экилди. Маҳалладаги “Аёллар дафтари”даги 14 нафар аёлларга 4 гектар ер майдони ажратилди. Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 1 905 нафар аёллар иш билан таъминланди.
Албатта, “Аёллар дафтари”да турган хотин-қизларимизнинг барча муаммолари ҳал этилди демоқчи эмасман. Ҳали бу соҳада қиладиган ишларимиз анчагина. Туман миқёсида ҳал этиладиган мурожаатларни имкон даражасида бажарамиз. Хусусан, “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз ҳимояга муҳтож ҳар бир хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, шу жумладан томорқадан кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, кредитлар ажратиш каби муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш ишларини ташкил этиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларини изчил амалга ошираверамиз.
Хулоса қилиб шуни айтишим мумкинки, “Аёллар дафтари”га киритилганлар билан бирма-бир мулоқот қилиш орқали уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш, дарду-ташвишлари, таклиф ва қизиқишларини ҳамда маҳаллада аниқланган ҳолатни ўрганиш билан тасдиқланган манзилла чора-тадбирлар (“Йўл харитаси”)нинг ижросини ўз вақтида сифатли таъминлаймиз.
(Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қирқ иккинчи сессиясидаги ҳисоботидан қисқартириб олинди).
Баҳодир БАХРОМОВ,
Булунғур туман ҳокими.