“Янгиариқ” маҳалласининг Янгиобод қишлоғи марказидаги 20-умумтаълим мактабида катта ободончилик ишлари амалга оширилмоқда. Мактаб атрофини ободонлаштириш ишларини “Низомиддин қурувчи” қурилиш фирмасининг қўли гул усталари ва қурувчилари амалга оширишмоқда.

- Айни пайтда мактаб ҳовлиси ва йўлакларни тартибга солиш, атрофини замонавий евро девор билан ўраш, мавжуд ариқларга лоток ўрнатиш каби ишларни амалга оширмоқдамиз, - дейди “Низомиддин қурувчи” қурилиш фирмасининг раиси Низомиддин Шеронов. - Шу билан биргаликда мактабнинг эски биносини замон талаблари асосида таъмирлаяпмиз. Том қисмидаги эски шиферлар ўрнига замонавийтунука шиферлар ўрнатилади. Ҳамма эски ёғоч эшиклар ва дераза ромлари аква ромлари ва эшиклари билан алмаштирилади. Мактабга кириш жойида янги чиройли дарвоза ўрнатамиз. Махсус янги қоровулхона биноси ҳам ишга туширилади.
Кенг кўламли таъмирлаш ишларни амалга оширишда Акрам Бўронов, Раҳим Маҳмудов, Жўрабой Қипчоқов, Алишер Ўролов, Зариф Бекбоев, Ислом Холбоев каби 22 нафар қурувчилар кеча-ю кундуз сидқидилдан меҳнат қилишмоқда.
- Мактабимизни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига Одилжон Авазов, Илҳом Кўчимов каби қалби дарё ҳомийлар яқиндан ёрдам беришмоқда, - дейди мактаб директори Гавҳар Чориева. - Уларниг беқиёс ёрдамлари туфайли мактаб ҳовлисига манзарали дарахт ва анвойи гуллар кўчатлари экилмоқда.

Жорий йилда мактабнинг 11-синфини битирган 19 нафар ўқувчиларнинг ҳаммаси олий ўқув юртларига, бир нафари эса “Темурбеклар мактаби”га ҳужжат топширди. Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасидаги янги ўқув йилида 38 нафар болажонлар мактабнинг биринчи синфига қадам қўядилар. Мактабда таълим оладиган 352 нафар ўқувчиларга рус тили фани ўқитувчиси Умида Йўлдошева, она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Наргиза Ғаффорова ва Дилшода Абраева, бошланғич синф ўқитувчиси Наргиза Алламуродова, математика фани ўқитувчиси Абдурасул Жониқулов, инглиз тили фани ўқитувчиси Умида Сатторова каби 35 нафар билимдон ва тажрибали ўқитувчи-устозлар қунт ва малака билан сабоқ беришади.
Раббим ҲОТАМОВ.