Аҳоли истиқомат қиладиган уй-жойларнинг аксарияти муддатини ўтаб бўлган эски иморатлар эканлиги, ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектлари, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларида ҳам бир қанча муаммолар юзага келиб қолганлиги сабабли Каттақишлоқ қишлоғи “Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, бугунги кунда қишлоқнинг барча жойларида дастур асосида қурилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, дастурдан руҳланган қишлоқ аҳли ҳам пудратчилар, ҳашарчилар билан баб-баравар иш олиб боришмоқда. “Обод қишлоқ” дастурининг мазмун-моҳиятини тўғри тушуниб етган қишлоқ аҳлининг кўпчилиги аллақачон ўзларининг шахсий ҳовли-жойларидаги томорқаларини тартибга келтириб, эскирган иморатларини бузиб, янгидан, замонавий бинолар қуришга киришганлар. Қишлоқ марказидаги маиший хизмат, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари қайтадан тўлиқ таъмирдан чиқарилмоқда. Янги, замонавий бинолар қад кўтармоқда. Аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, ҳовлилар атрофини ободонлаштириш, тартибга келтириш, уйларни оқлаб, саранжомлаш, таъмирлаш ишларида қишлоқнинг хотин-қизлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Каттақишлоқ қишлоғининг “Темир йўлчи” ҳудудида 64 та хонадонда 300 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу қишлоқ аҳли ҳам бир неча ўн йиллардан буён кўчаларнинг ўнқир-чўнқирлигидан, тоза ичимлик суви йўқлигидан азият чекиб келишарди. Ушбу қишлоқда ҳам “Обод қишлоқ” дастури асосида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, айни пайтда ҳудудда ички йўллар текисланиб, қиймати 374,3 миллион сўм бўлган 1 та сув иншооти ва 3 километр сув тармоғи қуриш учун “Бул ватер голд” хусусий корхонаси томонидан 56,1 миллион сўмлик ер ва пойдевор ишлари амалга оширилиб, ғишт териш ишлари тугалланмоқда.
Қишлоқ аҳлининг фарзандлари ўқийдиган 784 нафар ўқувчига мўлжалланган 3-сонли умумтаълим мактаби биносида ҳам қиймати 2 миллиард 650 миллион сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда “Мансур сифат қурилиш” МЧЖ қурувчиларининг 56 кишидан иборат гуруҳлари томонидан 756.0 миллион сўмлик ички ва ташқи сувоқ, электр ўтказиш ва том қисмини ёпиш ишлари тугалланмоқда. Хуллас, Каттақишлоқ қишлоғи ҳақиқий “Обод қишлоқ”қа айланиб бормоқда.
Кумушой ИБРАГИМОВА,
“Каттақишлоқ” МФЙ хотин-қизлар билан
ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий
қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.