Туманимизда Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 66 та мактаб ҳамда “Баркамол авлод” болалар маркази мавжуд бўлиб, айни вақтда Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги ва янги 2018-2019 ўқув йили олдидан умумтаълим мактабларида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ҳамда тайёргарлик жараёнини ўргандик.
Туман ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича бош мутахассиси А.Элмуратов ҳамда туман Халқ таълими бўлими мудири А.Умирзоқовнинг берган маълумотига кўра, жорий йил 2 та мактаб реконструция, 2 таси капитал таъмирлаш яна 2 таси “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилган экан.
Туман марказида жойлашган 23-мумтаълим умумтаълим мактабида реконструция ишлари олиб борилаётган жараённи кўздан кечирдик. У ерда “Оқдарё бунёдкор қурувчи сервис” МЧЖ қурувчилари томонидан 998 ўринли мактаб биносининг умумий 5300 квадрат метр жойи таъмирланаётган экан. Том қисми ёпилиб, девор ҳамда пол қисмига ранг бериш, 57 та синфхона, лаборатория хонаси, ошхона, спорт зал ва фаоллар зали учун жами 78 та эшик ҳамда 320 та ромлар ўрнатилиб, таъмирлаш ишларини 21 нафар ишчилар бажармоқда.
- Эндиликда мактаб дарвозаси ҳам ён тарафдан эмас, балки асосий кириш йўлагига ўрнатилади, - дейди 23-умумтаълим мактаби директори Ўктам Раҳимов. - Мустақиллик шиорини кўча томонга кўринали жойга ўрнатдик.
22 ва 23-умумталим мактабидаги мукаммал таъмирлаш ишларини “Оқдарё бунёдкор қурувчи сервис” МЧЖ иш бошқарувчиси қуйидагича изоҳлайди:
- Ушбу муассасаларда таъмирлаш ишлари олти ойдан буён олиб бориляпти, - дейди Ҳалим Жумаев. - Иккала мактаб биносини ҳам Мустақиллик байрами арафасида тўлиқ фойдаланишга топшириш ниятидамиз.
720 ўринли 22-умумтаълим мактабида ҳам жами, 6100 квадрат метр жой қайта таъмирланяпти. Ўттизта синфхона, ўқитувчилар ва лаборатория хоналарии, ошхона, фаоллар зали ва спорт зал таъмирланиб, ранг бериляпти. Иситиш тизими ҳам шулар жумласидан. 96 та эшик ва 337 та ромлар янгиланмоқда.
Орқа томонида икки-уч жойда чиқиндилар уюми ҳосил бўлгани ва олиб чиқилмаганига кўзимиз тушди. Мактаб ҳовлисида эса 350 туп нок, 60 туп арча каби дарахтлар ҳамда манзарали гуллар экилган экан.
“Элобод” маҳалласида жойлашган 49-умумтаълим мактабида Самарқанд “Барно люкс сервис” қўшма корхонаси қурувчилари томонидан 12х24 ўлчамли янги спорт зали ва 16,5х12 ўлчамли қўшимча бино қурилмоқда.
- Ҳозирги кунда мазкур спорт залини қуриш учун 25 нафар қурувчи-усталар жалб қилинган бўлиб, 70 фоиз ишлар бажарилган, - дейди иш бошқарувчи Туйғун Умирзоқов. - Ишни октябрь ойи охиригача ниҳоялаб, фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз.
Мактаб биносининг ташқи қисмида Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишланган янги шиор, тўртта секторга тегишли панно ўрнатилган. Ҳовлидаги мевали дарахтлар ва гуллар экилган боғ оралари ҳам суғорилаётган экан.
- Янги ўқув йилида 1-синфга қабул қилинадиган ўқувчилар учун синфхоналар ҳамда китоблар тахт қилинган, - дейди мактаб директори Ш.Саматов. - Ҳар бир синфхонага ранг берилиб, ўқувчиларни қабул қилишга тайёр ҳолатга келтирилган. Ичкарига кириш қисмига “Ҳаракатлар стратегияси”, плакатлар, стендларни ҳам жойлаштирдик.
“Деҳқонобод” маҳалласида жойлашган 45-умумтаълим мактабининг 310 ўринли янги биноси қурилиб, 270 ўринли эски биноси қайта таъмирланмоқда. Самарқанд “Амиржон комфорт стил” МЧЖ томонидан жами 2 миллиард 20 миллион сўмлик қурилиш-пудрат ишлари олиб борилиб, 45 нафар ишчилар жалб этилган. Мактаб ҳовлисида қурувчи-усталардан ташқари, ўқитувчи ходимларнинг уюшқоқлик билан ҳашар қилишаётганининг гувоҳи бўлдик. Ҳовлидаги ерлар ағдарилган ва суғориляпти, манзарали гул кўчатлари экишга тайёрланяпти, арча дарахтлари экилган, иссиқхона ташкил қилиниб, лимон ва гул кўчатлари етиштирилмоқда.
Мазкур таълим муассасаси қурилиш-таъмирлаш ишларига ҳам иш бошқарувчи Т.Умирзоқов бириктирилган экан. Унинг айтишича, тўқсон фоизга яқин иш бажарилган бўлиб, синфхоналар, ўқитувчилар, лаборатория хоналари, фаоллар зали ва ошхона, иситиш ва хавфсизлик тизимини қуриб битказиш ишларини август ойи охирида якунлаш режалаштирилган.
45-умумтаълим мактаби директори Ортиқбой Ибрагимовнинг таъкидлашича, қурилиш-таъмирлаш жараёни қизғин кетаётгани учун янги шиор, паннолар ва кўргазмали қуролларни ўрнатиш ободонлаштириш ишлари якунига етгач, тайёрланиб, ўрнатиб чиқилар экан.
Айтиш жоизки, туманимизда жорий ўқув йилида таълим масканларида ўқувчи ёшлар 35290 нафар бўлиб, шундан 3485 нафарини 1-синфга илк бор қадам қўяётган болалар ташкил этаркан. Уларнинг барчаси, айниқса, эндигина ҳарфларни танишни, ёзишни ўрганишга ошиқаётган болажонлар учун ҳаяжонли дамлар яқинлашоқда. Шундай экан, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган қулай шароит ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда янги ўқув йилини намунадагидек ташкил этишга сидқидилдан ёндашиш талаб этилади.
Янги ўқув йилидаги дарс жараёнларини ўрганиш мақсадида мавзуга яна қайтамиз.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ,
“Bulung’ur hayoti” мухбири.