“Мусурмонқул Алиқулов” хусусий корхонаси раҳбари Бобомурод Алиқулов улкан ишларни амалга ошираётган тадбиркорларга ҳавас қилиб, бундан тўрт йил аввал тегишли мутахассис ва тажрибали тадбиркорлар кўмагида енг шимариб ишга киришди. Астойдил интилиши натижасида ушбу хусусий корхонага асос солинди. Тадбиркорларга яратилаётган чексиз имкониятлардан фойдаланиб, ЎзТИФ Миллий банки туман филиалидан 500.000.000 (беш юз миллион сўм) кредит олиб, “Мингчинор” ММТП ҳудудидаги эътибордан четда қолган майдонни текислаб, асбоб-ускуналар ўрнатиладиган хоналар ва айвон қурди. Керакли асбоб-ускуналар Россия ва Тошкентдан олиб келиниб ўрнатилди. Ишлаб чиқариш учун керак бўлган хом ашё Самарқанд базаларидан шартнома асосида олинаяпти. Айни пайтда корхонада 12 нафар маҳаллий аҳолидан иборат бўлган турли касб усталари меҳнат қилишмоқда. Корхонада аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида мижозлар буюртмалари асосида чиройли темир дарвозалар, панжаралар, катталар ва кичиклар учун кресло-качалкалар, ёғоч ва темир каровотлар, аква эшик ва дераза ромлари, темир ва ёғочдан стол-стуллар, сейф ва буюм осгичлар, бетон блок ғиштлари каби юздан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилаяпти. Олинган даромадлар ҳисобига банк кредити тўлиқ қопланган, бундан ташқари кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилаяпти. Уларнинг уйларига аква эшиква ромлари, том устидаги эскирган шиферлар ўрнига енгил темир шиферлар ўрнатиб берилаяпти.
Корхонанинг қўли гул усталари Козимжон Бердиёров, Зафар Алиқулов, Ёрқин Бердиназаров, Қаҳрамон Алиқулов, Зойир Юлдашев, Исоқжон Абдуллаев кабилар мижозлар олқишига сазавор бўлмоқдалар.
- Ҳудудимиздаги бу корхона хизматидан маҳалламиз фуқаролари миннатдор, - дейди “Гулзор” МФЙ раиси Илҳом Бегбоев. - Айни пайтда бу корхона хизматидан қўшни Жомбой, Тайлоқ, Ургут, Бахмал туманлари аҳолиси ҳам баҳраманд бўлишмоқда.
– Биз янги замонавий типда қурилган ҳовлимизга шу корхонадан чиройли дарвоза сотиб олдик, - дейди қўшни Бахмал туманининг Гулбулоқ қишлоғида яшовчи фуқаро Олимжон Сафаров. - Нархи ҳам, дарвоза кўриниши ҳам бизга маъқул бўлди. Дид билан безатилиб, чиройли ранг берилган темир дарвозага атрофимиздагилар ҳавас билан қарашмоқда.
Маҳалла оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб, қаровсиз ётган 10 сотихли майдонда болалар майдончасини бунёд этишга бел боғладик, - дейди корхона раҳбари Бобомурод Алиқулов. - Майдончада чиройли йўлаклар, ўриндиқлар, ҳалинчаклар ҳамда музқаймоқ павильиони болалар ихтиёрида бўлади. Шу сабаб яна 10 нафар киши ишли бўлади. Айни пайтда режа-лойиҳа аосида иш олиб бормоқдамиз.
Раббим ҲОТАМОВ.