Кийиниш - ҳар бир ҳалқнинг қадим замонлардан буён яшаб келаётган минтақаси, шарт-шароити, турмуш-тарзи, урф-одатлари, табиати билан ҳам чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг маънавий баркамоллиги, миллий маданиятини белгилайди.
Ҳар бир халқнинг кийиниши маданиятида, одат ва русумларида ўзига хослик, руҳият кўринишлари мавжуд. Кийиниш маданияти бутун жаҳон халқлари маданиятига сингиб бораётган бир даврда кўпгина ҳалқлар ўз ташқи кўринишларини либослари мисолида сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқдалар.
Образли қилиб айтганда, умумий гулзорда гул кўп, чаман кўп бўлганидек, ҳар бир гулнинг ўз ранги, ҳиди, ҳаёт тарзи ва ифори бўлмоғи даркор. Миллатлар ва кийимлар ҳам худди шунга ўхшайди. Улар ранг-баранглиги билан камалакдек товланиб, кўнгилларни қувонтириши лозим.
Халқнинг ташқи кўринишидан у қайси миллатнинг фарзанди, қайси замоннинг қандай одами эканлигини билишингиз мумкин. Инсоннинг дид-фаросати кийинишида, ҳаётий ҳаракатларида, ўзини тута билишида кўзга ташланади. Ташқи қиёфага эътибор бериш ички маънавий гўзалликнинг ифодаси ҳисобланади.
Биз Ўзбекистонликлар - ўзбек аёллари, хотин-қизлари, момоларимиз қадим замонлардан барча миллатларга ўзимизнинг миллий либосларимиз билан, маданиятимиз, тарбиямиз билан ўрнак бўлишган. Нимага энди ҳозир мана шундай аёлларга яратилаётган шароитлар миллий гендер тенглик тушунчаси раҳбарлик соҳасида ҳам тўғри бўлаётган бир ажойиб замонда биз аёллар жамиятимизга куч бўлиб қўшилиш ўрнига бошқа миллат либосларига, “оммавий маданият”га муккасидан кетиб, уларга эргашишимиз лозим? Ўзимизнинг рўмолларимизни ўраган хотин-қизлар қандай гўзал ва бетакрор, уларга мафтун бўласан киши.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августда қабул қилинган 666-сонли «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган бўлиб, Низомда ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари кераклиги, мактаб формасига турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган. Низомга мувофиқ, ўқувчиларнинг мактаб формасини кийиш тартибига риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга чора кўрилади.
2021 йил 5 июль куни қабул қилинган янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг шарҳида ҳам амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солиниши маълум қилинган.
Ватанимизда аёллар кучи билан жуда катта ишлар амалга оширилмоқда, айниқса соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва бошқа кўплаб соҳаларни хотин-қизлар меҳнатисиз тасаввур қилиш қийин.
Қисқаси, ўзимизнинг миллий урф-одатларимиздан қолмайлик, миллий либосларимиз ўрнини ҳеч қандай чет эл либослари боса олмайди. Буни асло унутмайлик...
Насиба МАМАДИЁРОВА,
туман 2-сон касб-ҳунар мактаби директори,
халқ депутатлари туман Кенгаши
депутати, тарғибот гуруҳи раҳбари.