Жамиятнинг тараққиёти учун хавф солаётган таҳдидлар хилма-хиллиги билан кишилар эътиборини ўзига қаратмоқда. Бундай хавфлар қаторига диний экстремизм, терроризм, наркотрафика, миллатлараро зиддиятлар, миллий айирмачилик, экологик ва бошқа қатор хавфларни санаб ўтиш мумкин.
Диний экстремизм – муайян диний конфессия ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассиб, фанатик унсурларнинг фаолияти мафкураси. Фанатизм ўз ақидасининг шак-шубҳасиз тўғрилигига ишониб, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда уларни тан олмаслик, балки уларни диний асосларни бузишда айблаб, уларга қарши уруш очишга чақирадиган омиллардандир. Диний фанатизм диний экстремизм ва терроризмга замин тайёрлайди.
Фундаментализм – маълум дин вужудга келган илк даврга қайтиш ва бу йўл билан замонанинг барча муаммоларини ҳал қилиш мумкин, деган фикрни илгари сурувчиларнинг йўналиши. Асримизнинг 70-йилларидан бошлаб бу сўз исломга нисбатан қўлланила бошланди.
XX асрнинг 80-90-йилларида бутун дунёда диний омилнинг фаоллашуви собиқ советлардан кейинги маконда ҳам ўз аксини топди. Бу давр жамият тараққиётида, бир жиҳатдан, диний эътиқоднинг ижтимоий-маданий ҳаётдаги табиий мавқеи тикланаётган, иккинчи томондан, мазкур асосда айрим мафкуравий зиддиятлар туғилиши вақти бўлди.
Асосий Қонунимизда яна шу нарса қатъий қилиб белгилаб қўйилганки, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, Республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиги ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек, ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади (57-модда).
Ўрта Осиёдаги республикалар ўз мустақиллигига эришиши ва унинг мустаҳкамланиши даври исломнинг беқиёс фаоллашувини ўзида акс эттирди. Бунга сабаб собиқ совет давлатининг мафкуравий тасаввурлари ва қадриятларининг емирилиб, муайян вақт давомида ҳосил бўлган маънавий бўшлиқни тўлдириш эҳтиёжи бўлди. Миллатлар орасида ўзликни англаш туйғуси, этник жиҳатдан насл-насабини излашга интилиш кучайди. Бироқ бундан фойдаланган баъзи шахслар ўз манфаатлари йўлида чет эллардан юртимизга суқилиб кирмоқчи бўлган экстремистик оқимлар «даъватчи»ларига айландилар. Улар хорижликлар томонидан истаганларича маблағ ва диний адабиётлар билан таъминландилар. Бу ҳаракатлар тезда ўз натижасини берди. Фарғона водийси ва Тошкент шаҳрида авж олган «Ваҳобийчилик» ҳаракати, жумҳуриятимизнинг деярли барча шаҳар ва қишлоқларига етиб боришга улгурган «Хизбут-таҳрир ал-исломий» каби гуруҳларнинг кейинги йилларда Ватанимизнинг турли жойларида уюштирган фитна-фасод ҳаракатлари шундан дарак беради.
Ўзбекистонга нисбатан ислом фундаментализмининг таҳдиди ақидапарастликни ёйиш, бу йўл билан мусулмонларнинг ислоҳотчи давлатга ишончини йўқотишга уринишда ўзини намоён этмоқда. Бундай гуруҳлар мустаҳкамланиб бораётган умуммиллий бирдамлик ва ҳамжиҳатлик, миллатлар ва фуқаролараро тотувликка раҳна солишга ҳаракат қилмоқдалар. Демократия ва дунёвий давлат тушунчаларини, эътиқод эркинлигига асосланган кўп конфессияли дунёвий жамиятни обрўсизлантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдалар.
Президентимиз таъкидлаганидек, энг аввало, жамият, гуруҳ, алоҳида шахс маънавий ҳаётининг муайян соҳаси бўлган дин умуминсоний ахлоқ меъёрларини ўзига сингдириб олган, уларни жонлантирган, ҳамма учун мажбурий хулқ-атвор қоидаларига айлантирган.
Бинобарин дин одамларда ишонч ҳиссини мустаҳкамлаган. Уларни поклаб, юксалтирган. Ҳаёт синовлари, муаммо ва қийинчиликларни енгиб ўтишларида куч бағишлаган. Умуминсоний ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда авлоддан авлодга етказишга ёрдамга келган. Диннинг юксак ролини эътироф этиш билан бирга диний дунёқараш тафаккурнинг, инсоннинг ўзини ўраб турган дунёга, ўзи каби одамларга муносабатининг ягона усули бўлмаганлигини ҳам таъкидлаш мумкин. Дунёвий фикр, дунёвий турмуш тарзи ҳам у билан ёнма-ён, у билан тенг яшаш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда ривожланиб келган.
Кейинги йилларда миллий ва диний қадриятларнинг тикланишига катта эътибор берилиши ҳукуматимизнинг устувор сиёсатига айланди. Кўплаб диний байрамлар оммавий нишонланмоқда, матбуот томонидан халқ эҳтиёжида бўлган диний масалалар тез-тез ёритила бошланди. Фуқаролар ўртасида диний илм ва анъаналарга қизиқиш кучайди. Модомики, биз ёшларимизни, Президентимиз айтганидек Имом Бухорий, Нақшбандий ва Яссавий боболаримиз таълимоти асосида тарбиялар эканмиз, биз уларни турли ислом ниқоби остидаги ғаразли гуруҳлар билан буюк аждодларимиз амал қилган ва бизларга ҳам тавсия этган мусаффо ислом ўртасини ажрата оладиган даражада билимли қилишимиз зарур бўлади.
Отабек АБЖАЛОВ,
туман прокурори ўринбосари.