Асримизни том маънода ахборот инқилоби асри, деб аташимиз мумкин. Боиси, йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган радиотелефон алоқа-ахборот узатишда ниҳоятда кенг кўламдаги ихтироларга туртки бериб, соҳада ишлаб чиқаришнинг кашфиёт ортида “имиллаб” қолишига олиб келди. Ниҳоят, кейинги оламшумул воқеа – интернетнинг яратилиши эса ахборот коммуникацияларининг кескин ривожланиши ва глобал даражадаги катта ўзгартиришлар билан бирга фуқаролик жамияти, одамлар турмуш тарзи ва маданиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.
Интернетни кўпчилик харбий мутахассисларнинг ихтироси деб айтишади. Аслида уни дастлабки босқичда АҚШдаги катта тўртта университет кашф этган. Мазкур илм даргоҳлари ўз компьютерларини бир тармоққа бирлаштириб, ўзаро кутубхоналардан фойдаланишни йўлга қўядилар. Пентагон эса бундан тезда хабар топиб, ихтиро имкониятларини ўрганади ва ҳарбий қўмондонликда фойдаланиш мақсадида янада такомиллаштириш ишларига мутахассис олимларни жалб этади.
Интернетнинг қулайликлари арзон, тезкор, техник жиҳатдан материалларни жойлаштириш осон. Катта ҳажмдаги маълумотларни тўплаш, осонгина маълумотларни йиғиш, бошқа тилга ўгириш ва чегарасиз узатиш мумкин. Албатта, бу қулайликларни илғор ҳамжамият олқишлаб, айни пайтда унинг салбий таъсиридан ташвишга тушмоқда. Мазкур глобал тармоқнинг салбий таъсири шундан иборатки, хоҳлаган одам истаган ахбороти билан виртуал майдонга ҳеч бир тўсиқсиз кириши, назорат деярли йўқлиги туфайли террористик ва турли пасткашликка йўғрилган маълумотларни тарқатиши, космополотик ғоялар, “оммавий маданият” кўринишидаги миллий менталитет ва миллий манфаатларга ёт қарашларни, турли диний экстремистик оқимларнинг ақидаларини тарғиб этаётганлигидир.
Мисол учун интернет тармоғининг турли сайтларида бугун одам ўз жонига қасд қилишининг ўттиз тўққиз турининг тафсилоти баён қилинади. Ваҳоланки, буни барча динлар қоралаб, бу тангри томонидан ман этилганлигини кўпчилик билади. Бугун интернетнинг “оммавий маданият” кўринишидаги асрий анъана ва тамойил, турмуш тарзи ҳамда қадриятларига салбий таъсири хусусида сўз кетаркан, аксарият сайтларда дастлаб, енгилгина кўринишидаги эгоцентризм, яъни дунёда “мен” ва “менинг манфаатларим бор” тамойили “нажмите здесь” ёзуви билан эътиқоди қотмаган ёшларни турли ахлоқсизликлар кўчасига олиб кириб кетаётганлигини таъкидламоқ жоиз. Соғлом турмуш тарзи, оила муқаддаслиги, бокиралик ва ҳаёни барча неъматлардан устун қўювчи миллат фарзандлари учун бу ҳолат эркинлик ниқоби остидаги ахлоқсизликлардан бўлак ҳеч нарса эмас!
Бир сўз билан айтганда, инсон боласига қулайлик яратиш мақсадида кашф этилиб, ҳаётимизга тобора кенгроқ кириб бораётган глобал ахборот алмашув тармоғи бугун мафкура полигонига айланиб, инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи маъданият деб аталмиш улкан атмосферани емириб, ундан азон туйнуклари пайдо қилувчи унсурга айланди. Шу боис, мазкур тармоққа кираётган ёшлар, энг аввало ўзларини улкан ва чуқур сув ҳавзаси қошидагидек ҳис этмоғи, сузишни билмаса, яъни маънавий ва мафкуравий иммунитетга эга бўлмаса, унга тушмагани маъқул. Албатта, бу ота-оналар, кенг жамоатчилик, айниқса, мафкура масъуллари зиммасига улкан масъулият юклайди. Табиийки, кириб келаётган ахборот ва ташвиқотлар йўлига тўсиқ қўйишнинг имкони йўқ. шундай экан, бу борада соғлом иммунитетни мустаҳкамлаш билан қарши турмоқ лозим. Акс ҳолда, бузғунчи ғоялар миллат маънавиятини ўзлари истаган ўзанга тушириб олишлари, шу йўл билан асрий қадрият ва анъаналарга зарар етказиши мумкин. Зеро, фикр қарамлиги, тафаккур қуллиги ҳар қандай иқтисодий ёки сиёсий қарамликдан даҳшатлироқдир.
Ф. ШУКУРОВ.