Мен миллатчи эмасман, лекин дунё байроқлари кўтарилган тадбирларда кўзимга энг виқорли, энг гўзал байроқ бу ўзимизнинг байроқ бўлиб кўринаверади. Кўнглим ҳам унча бўш эмас, йиғлоқи ҳам эмасман, лекин дунёвий йиғинларида гимнимиз янграб байроғимиз кўзтарилса ҳар сафар кўзимга ёш келаверади. Бу балки ватанпарварликдир, балки миллий ғурурдир. Дунё байроқлари сафида мағрур жиловланиб турган алоҳида қадр-қимматга эга кўнглимизда фахри ифтихор уйғотаётгани учун шукроналикдир балки. Шунинг учун ҳам жонажон ватанимиз мустақил Ўзбекистонимиз байроғи энг мукаммал, энг чиройли бўлиб кўринади.
Ҳаммамиз учун энг қадрли бўлган кўнглимиз ифтихори бўлган муқаддас байроғимиз бундан ўттиз йил аввал 1991-йил 18-ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни билан билан тасдиқланган. Бу меҳнаткаш ва жафокаш ўзбек халқининг улкан тарихий ғалабаси бўлди. Чунки мустақил давлатнинг байроғи давлат суверинетининг рамзи ҳисобланади. Буюк аждодларимиз азал-азалдан озод ва ҳур яшашга интилган, бу йўлда ҳаттоки жонини аямаганлар.
Албатта ҳар бир мамлакат байроғи ўзига хос ва бетакрор маъноларни ифода этади. Агар мамлакатимиз байроғига назар ташласак, унда биринчи навбатда она заминимиз ва халқимизнинг энг муҳим хусусиятлари ва урф-одатлари – дўстлик, тинчликсеварлик ва меҳмондўстлик каби қадриятлар акс этганига гувоҳ бўламиз. Байроқдаги учта ранг бунинг ўзига хослигини белгилайди.
Оқ ранг ёруғлик, тинчлик ва баркамоллик рамзидир. Яшил ранг табиатнинг баҳори қайта туғилиши ва янги ҳаётни англатади. Ва ниҳоят мусаффо осмоннинг зангори ранглари уйғунлик ва қалбнинг юксакликка интилиш рамзидир.
Шунингдек байроғимизда мусаффо осмонимизда порлаб турган юлдузлар акс этган. Ярим ой ҳам тиниқликнинг рамзидир. Иккита қизил чизиқлар эса икки азим дарё – Амударё ва Сирдарёни акс эттиради. Улар оби-ҳаёт бўлиб, она заминимизга ҳаёт бағишлайди. Қолаверса қизил чизиқлар заминимиз ва ҳаётимизни ёруғлик ҳамда туганмас куч-ғайрат билан озиқлантирадиган манбаага ўхшайди.
Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта озод ва эркин ҳаётимиз ёруғ келажагимиз тимсоли бўлиб ҳамиша баланд-баландларда ҳилпираб турсин. Чунки биз унда заҳматкаш, меҳмондўст жонажон халқимизни истиқболи порлоқ янги Ўзбекистонимизни бир сўз билан айтганда она ватанимизни кўрамиз. Доимо энг баланд-баландларда мағрур ҳилпирайвер байроғим.
Ғулом ЎРОЛОВ.
Ўзбекистон Журналистлар аъзоси.