“ЭРГАНАКЛИ»НИ БИЛАСИЗМИ?
Юртимизнинг ҳар бир ҳудудидаги жой номлари ўз тарихига эга. Улар чин маънода миллий қадриятларимиз тимсолидир. Инсон ўзи яшаб турган жойнинг ўтмиши билан қизиқиши табиий ҳол, албатта. Мен ҳам туғилиб ўсган қишлоғим – Эрганакли тарихи бўйича кўп йилдан бери изланиш олиб бораман. Эрганакли – эл дегани. Умуман, бу сўзнинг маъноси ҳақида турфа фикрлар мавжуд. Манбаларда панжара, тўсиқ, чайла ва ўтов бошига илинган дубулға, дея келтирилади. Аксарият туркий халқларда «Эрганакли» номли достон тилдан тилга кўчиб юради. Афсуски, бу асар ҳақида манбалар жуда кам. Фақат Абулғозий Баҳодирхоннинг «Шажараи турк», Ремудитнинг «Жаме ат-тарих», Б.Учелнинг «Турк мифологияси» китобларида қисман фикр юритилган.
Юртимизда ўндан ортиқ «Эрганакли» деган қишлоқ бор. Қизиқишим ортиб, ушбу номнинг келиб чиқишини суриштира бошладим. Қайси бир Эрганакли қишлоғига бормайин, тўплаган маълумотларим бир-бирига уйғун эди. Ҳатто, Туркияда худди шу номдаги байрам кенг нишонланишини ҳам аниқладим. Шуурим ёришиб кетди ва қардош давлатнинг Тошкентдаги элчихонасига йўл олдим. Ўзбекистондаги Туркия элчисининг маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Жесим Челебий билан суҳбатлашиб билдимки, туркларнинг энг қадимий байрамларидан бири «Эрганакон», деб номланар экан. Қизиғи, турк халқининг энг севимли халқ оғзаки ижоди намуналаридан бири айнан «Эрганакли» достони бўлиб чиқди. Элчи маслаҳатчиси билан гурунгимиз давомида у мени Туркиянинг Кастамону шаҳрига, шу байрамда иштирок этишга таклиф қилди.
Ўтмиши бир қардош халқларнинг байрамлари ҳам бир-бирига ўхшаш бўларкан. «Эрганакли» Туркияда худди бизнинг Наврўз каби қадрланиб, кенг нишонланар экан. Турклар учун бу кун дўстлик, ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик, қон-қариндошликнинг қайта туғилиши рамзидир. Негаки, бу халқнинг «Эрганакли» достонида тоғлар орасида қолиб кетган аждодларнинг 400 йил давомида кечирган оғир ҳаёти, чорвачилик билан шуғулланиб ўтказган заҳматли кунлари ёритилади. Ота-боболаримиз орқали етиб келган ўзимизнинг шу номли достонда ҳам, айнан, тоғ ортида яшаб, кейин силлиқ ғорга кириб кетган аждодларимиз тасвирланади.
Ниҳоят гуруҳ тузиб, Туркиядаги Эрганакли улуси ҳақида маълумот тўплаш учун йўлга чиқдик. Кастамону шаҳри турк маданияти марказларидан бири сифатида тан олинади. Бу шаҳарда ҳар йили баҳорда «Турксой» ташкилотининг байрам ҳафталиги ўтказилади. Тантаналарда Туркия Республикаси ҳукумати раҳбарлари билан бирга барча туркий халқларнинг шу давлатдаги элчилари ҳам иштирок этишади.
Биз «Эрганакли» байрамини қардошлар билан бирга шу шаҳарда нишонладик. Биласизки, мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида келин-куёвни гулхан атрофида айлантириш одати бор. Туркияда эса «Эрганакли» байрамида гулхандан сакраб ўтишаркан. Ҳар икки халқ достонида учрайдиган тафсилотлар бир-бирига жуда яқин. Биз гувоҳи бўлган тантаналар шу жойнинг ўзида баҳорий байрамларга уланди. Ўзбекистондан борган санъаткорларнинг куй-қўшиқлари барчани рақсга ундади. Шу тариқа тарихий байрам ўйин-кулги, дўстлик анжуманига айланиб кетди. Байрам тантаналаридан сўнг одатга кўра, Кастамону шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилдик. Тоғлар, ўрмонлар бағридаги қадимий бу шаҳар Усмонийлар даврида қандай бўлса, ҳозир ҳам деярли шундай сақланган. Кўчаларда тез-тез қадимий биноларга кўзингиз тушади. Сарой, масжид, ҳаммом ва ҳатто, уйлар манзараси ҳам кишини ўтмишга етаклайди.
Бизни, айниқса, бир нарса жуда қувонтирди. Қаерданлигимизни билган мезбон борки, «Ота юртимиздан келган қардошлар», дея ўзгача эҳтиром кўрсатишди. Кастамонудаги Аздавай туманига саёҳатимиз ҳам худди шу руҳда ўтди. Тоғлар тепасида жойлашган тумангача машинада 3,5 соат йўл юрдик. Бизни туман бошқони Осман Нурининг ўзи алоҳида ҳурмат билан кутиб олиб, қабул уюштирди. Аздавайликларнинг миллий кийимларини кўздан кечириш асносида, хотин-қизлар кийими ўзбек аёллари миллий либосига жуда ўхшаш эканига гувоҳ бўлдик.
Бошқон бизни чўққида ойнадан қурилган кўшкка таклиф этди. Тоғ тепасидаги ойна йўлдан кетаркансиз, худди осмонда юргандек бўласиз. Остингиздаги чуқурлик, дара ойнадан яққол кўриниб, кишини ҳайратлантиради. Юзлаб метр пастда оқаётган сувнинг овози ҳам айни манзарага хос, шукуҳли.
Тўғриси, саёҳат давомида яна бир нарсага амин бўлдим. Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистонда ҳали туризм соҳасида қилинадиган иш кўп экан. Масалан, Кастамонуда атиги 30 метр юқоридан тушадиган Булоқбоши шаршарасини кўрдим. Ва беихтиёр, 300 метр баландликдан пастга тушаётган Сурхондарёдаги, 100 метр баландликдан шовуллаётган Зоминдаги шаршаралар ёдимга тушди.
Ҳа, диёримизда дунё аҳлини ҳайратга солиши мумкин бўлган гўзал, сўлим жойлар жуда кўп. Хуллас, сафаримиз давомида турк биродарларимиз билан дилдан суҳбатлашиб, икки халқнинг урф-одатлари, маданияти бир-бирига жуда яқин эканини такрор-такрор ҳис этдим. Демак, туғилиб ўсган қишлоғим, шунингдек, юртимиздаги ўнлаб жой номлари Эрганакли эканлиги, шу номдаги байрам Туркияда алоҳида нишонланиши тасодиф эмаслигига ишонч ҳосил қилдим.
Ғулом ЎРОЛОВ.