Бугунги коллеж ёки касб-ҳунар мактаблари кечагисидан тубдан фарқ қилади. Шарт-шароитлар, мутахассислар сифат таркиби, таълим-тарбия, касб-ҳунар ўргатиш тубдан яхшиланган.
Лекин, афсуски, баъзи ота-оналар ҳақиқий ҳолатни билмасдан-кўрмасдан туриб, уларга қора тамға босишга, ўқишни касб-ҳунар ўрганишни кўнглига тугиб турган ўқувчиларни фикридан қайтаришга сабабчи бўлмоқда. Мисол учун: коллежда ўқиганлар тарбияси тез бузилади, коллеж ёки касб-ҳунар мактаблари керак эмас каби исбот-далилсиз гапларни гапириб, ўқийман деган ёшларнинг фикрини бузмоқда.
Биринчидан, бундай гапларни айтиш фарзандларимиз келажагига жиноят, бугунги сиёсатимизга хиёнатдир. Қолаверса, тарбияси бузилиб, майда безорилик қилаётган, мактабни тугатмасдан туриб ҳомиладор бўлиб қолаётганлар мактабларда ҳам учраб турибдики, қолаверса мактаблардаги бундан-да нохуш воқеалар ёки мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Аслида коллеж ёки касб-ҳунар мактаблари бугунги кун замон талабларига мос келади. Барча синф хоналар сўнгги компьютер жиҳозлари билан таъминланган. Ўқувчиларга энг малакали олий маълумотли ўқитувчилар сабоқ беришади.
Дарслардан бўш вақтларида дам олишлари, яъни китоб мутоала қилишлари, газета ва журналлар билан танишлари учун барча шароитлар яратилган. Дарсларни жонли ўтишлари учун ҳар бир дарсга мавзуга оид экспонатлардан фойдаланилади. Тўгараклар махсус жиҳозланган алоҳида хоналарда олиб борилади. Ўқув масканининг услублари, режалари вазирликлар томонидан тасдиқланган. Шуни алоҳида айтишим мумкинки, ушбу услуб ва режалар Тошкент ёки Самарқанд шаҳридаги коллежлар билан бир хилда тузилган.
Ҳурматли ота-оналар! Болаларимизнинг қандай улғайиши, ўқув масканларида билим ва ҳунар ўрганиши кўп жиҳатдан ҳаммамизга боғлиқ. Келажагимиз бугунги ёшларимизга боғлиқлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим. Коллеж ёки касб-ҳунар мактабларида ҳам чуқур билим берилиб, сифатли ҳунар ўргатилади. Қолаверса, ўқув юртимизни имтиёзли тугатганларга олий ўқув юртига киришда бир қанча имтиёзлар берилган. Касб-ҳунар мактаби ёки коллежга бесабаб тош отиб гапиришдан олдин бу даргоҳга бир келинг, яқиндан танишинг, ана шунда ҳақиқий аҳволни ўз кўзингиз билан кўрасиз. Ҳавас қиласиз ва кейин ҳақиқий баҳо берасиз.
Ҳурматли тумандошлар, агар сиз фарзандларингизни коллеж ёки касб-ҳунар мактабига берсангиз энг тўғри йўлни танлаган бўласиз. Демак, фарзандингиз келажагига бефарқ эмас экансиз. Биз эса фарзандларингизга янада чуқур билим олиб, сифатли касбни қўлга киритишида энг яқин кўмакчи-маслаҳатчи бўламиз.
Насиба МАМАДИЯРОВА,
Булунғур 2-сон КҲМ директори.