Қишлоҳ хўжалик касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд-ҳуқуқ тизимига оид қарор ва фармонлари ижроси юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадида суд ходимлари ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Зафар Файзиев, ЖИБ туман суди раиси Фарҳод Ҳудойбердиев ҳамда коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари қатнашди.
Дастлаб, ўқувчи-ёшларга юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, адашиб жиноят йўлига кириб қолаётган ёшларга берилаётган жазо турларини енгиллаштириш ва улар билан мунтазам ишлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар борасида сўз юритилди.
- Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида профилатика тадбирлари ўтказилаяпти, - дейди жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси З.Файзиев. - Айрим ёшларнинг қўл телефони орқали билиб-билмай ижтимоий тармоқлардаги диний мазмундаги суҳбатларга қўшилиб қолиш ҳолатлари афсуски, учраб турибди. Фарзанд учун уйда ота-она, таълим муассасасида эса ўқитувчи ва устозлари кўпроқ масъул бўлишади. Биз биргаликда тарғибот тадбирлари ва тушунтириш ишларини олиб борсак, ўйлайманки, ёшлар билан боғлиқ салбий ҳолатлар сонини камайтиришга эришган бўламиз.
Тадбир давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишиб, атрофлича жавоблар олишди.
Воҳид ПЎЛАТОВ.