Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси Тўйчибой Ғаппоровнинг сийратига чизгилар...
Кенг ва катта ҳовлида бир тўй бўлди. Суннат тўй... Ғаппор бобо невараларига тўй берди. Узоқ-яқиндан меҳмонлар гавжум. Ғаппор бобонинг ўғиллари Неъматилло домла, Тўйчибой домла, Баҳриддин фермер, Сайфиддин тадбиркорни таниган, сийлаган меҳмонлар билан тўйхона тирбанд. Ўшанда микрофон орқали бир гап айтган эдим. “Ҳамма фарзанд ўстиради, тарбиялайди. Аммо, халқда бир нақл бор: “Бўйимдек бўй ўстирдим, аммо кўнглимдек кўнгил тополмадим...” Ғаппор бобо фарзандлари бўйини ҳам ўстирган, кўнглини ҳам топган ажойиб инсон. Фарзандларини комилликка етказган доно бобо. Тўйчибой домла ўша комилликка эришган. Умрини хайрли, шарафли, машаққатли, масъулиятли ишга бағишлаган фарзандларидан биридир.
Сирдарё Давлат педагогика институти математика факультети толиби ва битирувчиси сифатида тумандаги 59-мактаб (ҳозирги 38-мактаб)да иш фаолиятини бошлаган даврлардан буён биргамиз. Ҳамқадам, ҳаммаслакмиз.
Ўқитувчи ким ўзи ва у қандай бўлиши керак? Бу савол қадимдан кўп ва хўп айтилган. Саволга турли жавоблар берилган.
- 45-мактабда ўқувчилик давримдаёқ она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Облоқул Бобоқулов, математика фани ўқитувчиси Ҳанифа Ҳотамова, рус тили фани ўқитувчиси, айни пайтда филология фанлари номзоди, доцент Карим ака Тагматовларга ҳавас қилиб, ўқитувчилик касбига меҳр қўйдим, - дейди Тўйчибой домла Ғаппоров. - Мен у улуғ устозларимдан чуқур билим олишни, юриш-туришни, кийинишни, маданиятни, ширин муомалани ўргандим. Ўзимдаги ҳамма яхши хислатларим учун устозларимга бошим ерга теккунича таъзимдаман. Аввало, касбга меҳр, садоқат, салоҳият, билим, малака ҳамда энг муҳими, фидойилик энг муҳим шартларидан биридир. Ўқувчиларни яхши кўра билиш, уларнинг мурғак қалбига йўл топа олиш эса зарурий фазилатдир.
- 38-мактабда дастлабки иш бошлаганимда тажрибали, меҳрибон ўқитувчилардан Суюн ҳожи Ҳожимов, Бойжигит домла Сиддиқовлар менга устозлик қилишган. Уларнинг кўрсатмалари ва маслаҳатлари асосида ишлаб кам бўлмадим, - дея эслайди Тўйчибой домла. - Ҳозирги замонда ўқитишнинг ноёб технологиялари, турли-туман кўргазма воситалари кўпайди. Аммо, мақсад аниқ ва битта. Яъни, ўқувчига етарли билим бериш, уни илмли, етук, комил инсон сифатида тарбиялашдир.
Тўйчибой домлада юқорида таъкидланган фазилатлар мужассамлиги асло муболаға эмас. Айниқса фидойилик. Салкам ярим аср айнан бир соҳада, бир даргоҳда тиним билмай, елиб-югуриб, жонини жабборга бериб, элим деб, юртим деб, ёниб меҳнат қилмоқ фидойилик эмасми?! 38-мактабда қатор йиллар ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб фаолият кўрсатганида мактаб ўша даврдаги тамойилларига кўра ўзини-ўзи назорат қилувчи таълим муассасаси мақомида сидқидилдан иш юритиб келди.
Туман марказидан анча олисда бўлган бундай мактаблар саноқлигина эди, холос. Қатъийлик ва мақсадни аниқ қўя олиш, талабчанлик ва ишчанлик раҳбарликнинг асосий мезонларидан бири эди. Кейинчалик ўз она қишлоғида отаси Ғаппор бобо очган дастлабки бошланғич мактаб умумий ўрта таълим мактабига айлантирилишда Тўйчибой домла жонкуярлик қилди. Мактаб юқорида таъкидланган хислатлар туфайли такомиллашиб, мукаммалашиб, кенгайиб борди. Бу - 60-мактаб. Мактаб таълим соҳасининг барча кўрсаткичлари бўйича йилдан-йилга ўсиб-улғайиб, туман миқёсида ўз ўрнига, ўз овозига эга бўлиб келмоқда. Одамлар Тўйчибой домла деганда 60-мактабни, 60-мактаб деганда Тўйчибой домлани тушунадиган бўлдилар. Бу, албатта бежизга эмас. Чунки, йиллар давомида қилинган меҳнатлар самараси ва таълим соҳасида экилган ёш ниҳоллар бўй чўзиб, назарга тушди. Элу-халқ томонидан эътироф этилди. Умид билан экилган ниҳоллар гуркираб, ривожланиб, мўл-кўл мева бермоқда. Яъни, Тўйчибой домланинг таълимини олган кўплаб шогирдлари завқли ҳаётда ўз ўринларини топиб, Ватан равнақи ва тараққиёти йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. “Яхшидан боғ қолади”, дейди доноларимиз. Яратилган боғлар эса ҳамиша яхшиликка хизмат қилган. Ҳадиси шарифларда инсонларнинг бешикдан қабргача илм ўрганишга даъват қилиниши бежизга эмас, албатта. Ривоят қилинадики, “Бир кунлик илм ўргатмоқлик 40 йиллик ибодатдан яхшироқдир”. Умрини илм ўргатмоқлик, ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашга бағишлаган устозлар ҳамиша эл ардоғида бўладилар. Тўйчибой домла ана шундай ҳурматга сазовор инсондир.
Ўтган давр мобайнида Тўйчибой домла турмуш ўртоғи, оқила уй бекаси, ёшларнинг севимли устоз ўқитувчиси Роқия опа (раҳматли) билан икки нафар ўғил ва уч нафар қизларни оқ ювиб-оқ тараб, вояга етказишди. Катта ўғли Собиржон 60-мактаб раҳбари сифатида фаолият юритмоқда. Иккинчи ўғли Бобурбек фермер, қизлари Барно, Гулчирой, Ҳусниялар ҳам турли соҳаларда она Ватанимиз равнақи йўлида оталари Тўйчибой домладек садоқат билан меҳнат қилишмоқда.
Бугунги кунда фарзандлар, набиралар қуршовида осуда, осойишта умр кечириб, уларни мустақил ҳаётга йўллашда ҳаёт сабоқларидан ўгит бериб бориш Тўйчибой домлага хос фазтлатдир. “От ўрнини той босади”, дейди доно халқимиз. Ўша берилган тўғри тарбия, тўғри йўналиш ўз самарасини берди. Бугунги кунда бобоси Ғаппор бобо асос солган, отанинг меҳнати синган, ўз ўрнига эга бўлган таълим даргоҳида ўғли Собиржон мактаб раҳбари. У бу мақомни “ота-бола йўналиши”да эмас, балки “устоз-шогирдлик анъанаси йўналиши”да қабул қилиб, ўз бурчини масъулият ва фидойилик билан адо этиб келмоқда.
Ҳаётингдан чиқаролгин тўғри хулоса,
Бошқалар ҳам уни кўриб, олсин андоза.
Раҳмат, десин ҳар ишингга халойиқ,
Номинг бўлсин эл ичида ҳурматга лойиқ.
Ушбу тўртликда айтилган сифатлар Тўйчибой домланинг ҳаёти ва фаолиятига озми-кўпми мос келади, албатта. Ҳа, айтгандай Тўйчибой домланинг самарали меҳнатлари туман халқ таълими бўлими ва туман ҳокимлиги томонидан муносиб тақдирланган. “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” ва “Мустақиллигимизнинг 10 йиллиги” нишонлари, вилоят халқ таълими бошқармасининг “Таълим фидойиси” кўкрак нишони, қатор фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланган. Туман ҳокимлигининг қатор фахрий ёрлиқларининг соҳиби бўлган.
Сўнг сўз: ўзининг етмишинчи баҳорини қарши олаётган сафдош дўстимиз Тўйчибой домлага мустаҳкам соғлик, фаровон ҳаёт, фарзандлари ва набиралари камолини кўриб яхши яшаш насиб этсин!
Умурзоқ СОДИҚОВ,
фахрий ўқитувчи.