Элас-элас эслайман. Болалигимда, эндигина етти ёшга тўлиб, мактаб остаонасига илк қадам қўйган пайтларим. У пайтларда ҳозиргидек шароит қаёқда дейсиз, қишлоқ жойларда ҳаттоки боғчалар ҳам йўқ эди. Болалар етти ёшга тўлгач, тўғри мактабга қараб йўл оларди. Устозлар ўқув йилининг дастлабки икки чорагида биринчи синф ўқувчиларига АЛИФБОни, санашниўргатишарди. Ҳозир эса мактабгача таълим ташкилотларида болалар уч ёшдан бошлаб қабул қилиниб, то мактаб ёшига етгунига қадар деярли ёзув-чизув, санаш, шеър айтиш ва сурат чизиш машқларини ҳам тўлиқ ўзлаштирган ҳолда боришмоқда.
Бошланғич синфларда дарс жараёнларида устозларимнинг хушмуомалалик ва меҳрибонлик билан берган сабоқлари туфайли менда ҳам орзуларим келгусида улғайиб, ана шундай “ўқитувчи” деган номга сазовор бўлишимга йўл очган бўлса ажабмас.
Мана, салкам қирқ йилдан буён ўзим таълим олган 35-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бериб келаман. Болалик – беғуборлик. Болалар ишонувчан, интилувчан, қизиқувчан ва тақлид қилувчан бўлишади. Уларга таълим бериш жараёнида ҳар бирининг фъел-атворига, характерига қараб муомала қиламан, болаларча муносабатда бўламан. Дарслар мобайнида айниқса, ўқувчиларнинг дарсларга бўлган қизиқишларини янада ошириш учун ўқувчилар ўртасида “Кимнинг хати чиройли?”, “Ким кўп шеър билади?”, “Ўйла, изла, топ”, “Ифодали ўқиш” каби танловлар ўтказиб тураман.
Бугунги пандемия даврида бошланғич синф ўқувчиларининг 20 фоизи дарсларни онлайн тарзда ўзлаштиришмоқда. Шундай бўлсада, вақти-вақти билан ушбу ўқувчиларимнинг хонадонларига ташриф буюриб, онлайн ўқишни қандай олиб бораётганликлари билан танишаман, ота-оналари билан фарзандининг уйга берилган дарсларни ўзлаштиришини мунтазам назорат қилиб боришлигини уқтираман. Шунингдек, мактабимиздаги барча ўқувчиларга карантин талабларига қатъий амал қилишлари, ўқув даргоҳига келиб-кетиш чоғида, дарс жараёнида, танаффус пайтларида ҳам оралиқ масофани сақлаш, юзга ниқоб тақишни унутмаслик, уйда ҳам, мактабда, кўча-кўйда ҳам санитария қоидаларига риоя этиш лозимлиги ҳақида ҳар куни тушунча берамиз. Ўқиш жараёнида ҳар бир ўқувчи мактаб маъмурияти томонидан антисептик воситалар ва ниқоблар билан таъминлаб борилмоқда.
Қирқ йиллик меҳнатим давомида ушбу илм даргоҳида юзлаб ўқувчиларга таълим бердим. “Устоз” деган шарафли номга сазовор бўлдим. Нафақат ўқувчиларим, балки ҳамкасбларим ҳам ана шундай чақиришади. Айни пайтда мактабимиз педагоглари орасида мен таълим берган ўқувчиларимдан Жасур Тошев, Шерзод Тошматов, Тоҳир Солмонов ва Юлдуз Умарқулова сингари ёш педагоглар мен билан бир сафда туриб, ўқувчиларга таълим-тарбия беришмоқда. Мен эса шогирдларим билан бир сафда меҳнат қилаётганимдан, шогирдларим ҳамкасбларим эканлигидан фахрланаман.
Уммат ҲАЙДАРОВ,
35-умумтаълим мактабининг
бошланғич синф ўқитувчиси.