Шундай устозлар бўладики, ўзининг узоқ йиллик меҳнати билан кўпчилик орасида ҳурмат қозонади. Тадбирларда фаол қатнашиб, шогирдларига сидқидилдан таълим-тарбия бериб, уларни комиллик сари етаклайди. Ана шундай устозлардан бири 54-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Маърифат Суяровадир. У киши қарийб ўттиз йилга яқин таълим соҳасида ишлаб, юзлаб шогирдлар тарбиялади.
М.Суярова ёш авлодга таълим-тарбия беришда очиқ дарс, тўгараклар, ўзлаштириши паст ўқувчилар билан дарсдан ташқари вақт ажратишга алоҳида эътибор қаратади. Ҳар бир дарсни кўргазмали қуроллардан фойдаланган ҳолда ўтиб, дарс мавзусини ўқувчиларга тушунарли тарзда етказиб беришдан эринмайди.
- Яқинда “Болалик – беғуборлик, кексалик – донолик” мавзусида тарбиявий очиқ дарс ўтказдик, - дейди бошланғич синф ўқитувчиси Маърифат Суярова. - Дарсда болалик дунёси тасвирланган суратлар, буюк аждодларимиз сиймолари ва уларнинг ўгитлари акс эттирилган кўргазмали қуроллардан фойдаланилди. Машғулот жараёнида ўқувчиларга юрт озодлиги йўлида курашган шахслар, фан, билим ва тафаккурга муносиб ҳисса қўшган уламоларимиз ҳақида тушунча берилди. Дарс якунига қадар уларга ота-она, ёши катта кишиларни ҳурмат қилиш ҳақида гапирилди. Шунингдек, ўқувчиларнинг одоб-ахлоқ борасида берилган саволларга жавоблари тингланди.
Маърифат опа ёш авлодга сабоқ бериш билан бирга фарзандлари тарбияси, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун ҳаракат қилади. Қизи Шоҳиста Аҳмедова ҳозирда Жиззах Давлат педагогика институти она тили ва адабиёти факультетининг биринчи босқич магистранти.
- Маърифат Суярова энг фаол ва тажрибали ўқитувчиларимиздан бири, - дейди мактаб директори Асқар Бойбўтаев. - У киши дарсларни замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этади. Қолоқ ва иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш, такрорлаш ва рағбатлантиришда эътиборини аямайди. Шунинг учун ҳам ҳамкасблари, шогирдлари ва уларнинг ота-оналари ҳурмат қилишади, дарс ўтиш услубига юқори қизиқиш билдиришади.
У кишининг шогирдларидан Маъмура Эргашева ҳамда Нафиса Эржигитова Самарқанд Давлат университетининг математика, Дурдона Очилова Тошкент Давлат Жаҳон тиллари университетининг инглиз тили, Сафура Умирзоқова Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг агрономия факультетида ўқийди. М.Суярова илк бор қўлидан тутиб ёзишни, ҳарф ёдлашни ўргатган - ўзи сабоқ берган шогирдлари ичида айни вақтда олий ўқув юртларида таълим олаётганлари борлигидан, қилган меҳнатлари зое кетмаганидан фахрланади.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.