“Зарафшон” маҳалласининг Чуют қишлоғида яшовчи Собиржон Мусурмонқуловлар хонадонида шодиёна. Хонадон соҳибининг бош фарзанди Жавоҳир спортнинг юнон-рум курашига ёшлигидан меҳр қўйди. У дастлабки юнон-рум кураши сирларини биринчи устози Раббим Ташановдан ўрганди. Туман, вилоят биринчиликлари ва халқаро турнирларининг доимий иштирокчиси сифатида спорт мутахассисларининг назарига тушди.
54-умумий ўрта таълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Жавоҳир Собиржонов “Умид ниҳоллари- 18” мусобақасида 50 килограммлик вазндаги тенгдошларини доғда қолдириб, биринчи ўринни эгаллаган эди. Тажрибали мураббийлар маслаҳати билан бўлажак полвон Жавоҳир ўқишини 6-синфдан бошлаб Фарғона шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежида давом эттирди. У бу ерда тажрибали мураббийлар Бобур Зайнобиддинов, Отабек Ғаффоровлар раҳбарлигида ўз маҳоратини оширди. Жавоҳир 5 йиллик ўқиши давомида Андижон, Наманган, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Олмаота, Бишкек,Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда, Республика кубоги мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, юқори натижаларга эришди. Шу сабабли спорт усталигига номзод нормативини бажарди. Ўзбекистон Миллий терма жамоаси аъзоси бўлди. Спортдаги улкан ютуқлари эвазига олий ўқув юртига кириш имтиёзини қўлга киритди.
- Ўғлимиз Жавоҳир сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси сифатида ўқишни бошлайди, - дейди хурсандлигини яшираолмай 54- умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси, Жавоҳирнинг онаси Шоҳиста Ҳайитбоева.- Бундай имкониятдан оиламиз аъзолари, қариндошларимиз, қўшниларимиз беҳад хурсанд бўлишди.
Шу куни 1-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ҳасан Раҳматуллаевни ҳам ота-оналари, оға-инилари, қўшнилари қизғин табриклашди. Ҳасан полвон вилоят биринчилиги мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб,спортнинг юнон-рум кураши бўйича чемпион деган шарфли ном эгаси бўлди. Спорт усталигига номзод бўлди. Вилоят терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди. Айни пайтда вилоят терма жамоаси Ўзбекистон биринчилиги мусобақаларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: Раҳматилла ака ўғли Ҳасан полвонни (чап томонда) қизғин табрикламоқда.
Шоҳиста опа ўғли Жавоҳирни (ўнг томонда) қутламоқда.
Муаллиф суратга олган.